Талабаларнинг неча фоизини хотин-қизлар ташкил этади?
Хотин-қизларнинг олий таълим олишлари учун ҳуқуқий, ташкилий, амалий жиҳатдан қатор имкониятлар ва имтиёзлар яратилмоқда.
Бу имкониятдан хотин-қизлар қандай фойдаланмоқда?
2022 йилда республика бўйича олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллиондан ортиб, уларнинг 47,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.
Мажлисда аёлларнинг олий таълим олишлари учун яратилган имкониятларни тўғри йўлга қўйиш ва янада кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. 2022 йилда 12 минг 300 нафар талаба-қизларнинг 68,3 миллиард сўм миқдоридаги контракти тўлаб берилди.
Олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш йўлга қўйилиб, ушбу мақсадлар учун бугунги кунгача 139 мингдан ортиқ талаба хотин-қизларга 1 триллион 300 миллиард сўм миқдорида фоизсиз таълим кредити ажратилган.
Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 2 мингдан зиёд талаба хотин-қизнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз тўлаб берилди.
Мажлис давомида талабаларни тураржойларга жойлаштириш тизимини рақамлаштириш, ижарадаги талаба қизлар учун ижара пулларини ўз вақтида ўтказиб бериш масалалари танқидий муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.
Муҳокама қилинган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
ЎзА