Талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Янги ўқув йилига устувор вазифалар: талабаларни талабалар турар жойи ҳамда ижара уй-жойлари билан таъминлаш масалалари” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Очиқ мулоқотда айтилган маълумотлар билан чекланиб қолмасдан, ОАВ вакиллари талабаларнинг яшаш шароитини бевосита жойида кўриш учун филиалнинг талабалар турар жойига ташриф буюришди. Улар ётоқхонадаги хоналар, ошхона, дам олиш ва умумий фойдаланиш жойлари билан танишди.

Журналистлар талабалар билан суҳбатлашиб, ётоқхонадаги шароит, кундалик эҳтиёжлар ва уларнинг яшаш бўйича фикрларини эшитди. Шу тариқа, мулоқотда кўтарилган масалаларнинг амалдаги ҳолати ҳам жойида кўздан кечирилди. Айни пайтда филиалда бакалавриат, магистратура ва кечки таълим шаклларида 969 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 310 нафари талабалар турар жойида, 34 нафари ижара уйларида, 64 нафари яқин қариндошларининг хонадонларида, 243 нафари эса ўз хонадонида яшаб таҳсил олмоқда.

Филиал ҳудудида 400 ўринли талабалар турар жойи мавжуд. Давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган мазкур ётоқхонада талабалар учун жиҳозланган хоналар, ошхоналар, дам олиш ва маънавият хоналари, санитария-гигиена блоклари ҳамда интернет тармоғи ташкил этилган. Ётоқхонага жойлашиш имконияти бўлмаган талабалар учун эса ижара хонадонларига жойлаштириш ва ижара тўловининг бир қисмини компенсация қилиш механизми қўлланилмоқда.
Янги ўқув йили филиал ҳаётида яна бир янгилик билан бошланди. Филиалнинг Бўзатов факультети ўз фаолиятини бошлади. Чорвачиликка ихтисослашган ҳудудда ташкил этилган мазкур факультет Бўзатов тумани техникуми биносида жойлашган бўлиб, талабалар учун ётоқхона ва овқатланиш шароитлари ҳам назарда тутилган. Бу ерда таълимни амалиёт билан боғлаш ва дуал таълим асосида ҳудуд эҳтиёжига мос мутахассислар тайёрлашга эътибор қаратилмоқда.
Шундай қилиб, янги ўқув йили филиалда талабаларнинг таълим олиши билан бир қаторда уларнинг яшаш шароитини ўрганиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва таълимни амалиёт билан яқинлаштиришга қаратилган янги ишлар билан бошланмоқда.
Очиқ мулоқотда ОАВ вакиллари иштирокида талабаларни турар жой билан таъминлаш масалалари очиқ муҳокама қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири