Талабалар ётоқхонасида назм ва наво кечаси
Андижон давлат тиббиёт институти талабалар ётоқхонасида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан, қолаверса, талаба ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида “Назм ва наво” деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, журналист, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, ижодкор ёшлар иштирок этган тадбир очилишида институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Сарварбек Салоҳиддинов сўз олиб, барча устоз ҳамда мураббийларни яқинлашиб келаётган касб байрамлари билан муборакбод этди.
Шарафли ўқитувчи касбининг машаққатлари, нозик жиҳатлари, ёш авлодни билимли, юксак салоҳиятли тарбиялашдаги ўрни ва роли ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Махпура Артиқова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Восит Аҳмад талаба ёшларга устоз ва мураббийлик мақоми, шогирдлик бурчи ҳамда масъулияти, шунингдек, бугунги кунда юртимиз ёшларига берилаётган кенг имкониятлар, ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиш, юқори натижаларга эришиш муҳим эканлиги ҳақида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини айтиб ўтди.
Тадбирда Ўзбек миллий мақом санъати маркази Андижон вилоят ҳудудий бўлими хонандаси Мирзабек Маҳмудов томонидан ижро этилган мумтоз қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Талабалар, ижодкор ёшлар томонидан юксак инсоний фазилатлар, эзгулик, одамийлик, меҳр ва садоқат, она юртни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.

– Ётоқхонамизда ўтказилган ушбу тадбирдан катта маънавий озуқа олдик, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти стоматология йўналиши 2-босқич талабаси Асилбек Жўрахонов. – Бу каби тадбирлар, талабаларга кўрсатилаётган эътибор бизни янада фаол бўлишга, пухта билим олиб, касбимизнинг малакали мутахассиси бўлиб камол топишимизга ёрдам беради.
Тадбирда талабалар ётоқхонасида истиқомат қилаётган хорижлик талаба ёшлар ҳам ўзларининг миллий қўшиқ ва рақслари билан фаол иштирок этди.
Куй-қўшиқлар, шеърхонлик кечасига айланган тадбир иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари