Талабалар учун янги тураржой
Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз давлат педагогика институти бакалавриат босқичи кундузги таълимида 5 минг 158 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Институт раҳбарияти ўқиётган талабаларнинг тураржойга бўлган эҳтиёжини босқичма-босқич тўлиқ қондиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадда куни кеча институтнинг 700 ўринли замонавий талабалар тураржойи тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида фахрий устозлар, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этиб, янги маскан билан яқиндан танишди.

Мазкур тураржой 5 қаватдан иборат бўлиб, 700 ўринга мўлжалланган. Бинода 5 та дарс тайёрлаш хонаси, 5 та ошхона, 10 та ювиниш хонаси ва бошқа барча қулайлик мавжуд.

Ётоқхонада нафақат яшаш учун қулай шароит, балки билим олиш, ижод қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун ҳам кенг имкониятлар яратилган.

Маълумот ўрнида: институтда 2 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, 1 минг 100 нафар талаба жойлашади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири