Талабалар учун илк мультимедиа студияси очилмоқда
Бугун “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа-ҳафталиги доирасида “Sevimli TV” телеканали ва ЎзЭОАВМА ҳамкорлигида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида мамлакатимиздаги илк талабалар мультимедиа студияси очилмоқда.
Бу ерда энг фаол ва ташаббускор талабалар гуруҳи журналистиканинг амалий кўникмаларини ўзлаштириши, шунингдек, талабалар ҳаёти билан боғлиқ янгиликларни мазкур ёшлар лойиҳасини ўз ҳомийлигига олган “Sevimli TV” телеканали орқали ёритишлари мумкин. Олдинда ёшларни оммабоп интернет ва телевизион платформаларда ишлаш жараёнлари кутмоқда, ҳозир эса, улар маҳорат дарслари, семинар-тренинг машғулотлари орқали ўз кўникмаларини ошириши, ўз услуб ва йўналишларини топиши зарур. Бундан ташқари, “Пойтахт” радиоси билан ҳамкорликда радиостудия ҳам очилади. Бошловчи радиожурналистлар учун амалиёт, лойиҳаларни жорий қилиш, ёшларбоп кўнгилочар дастурлар тайёрлаш учун эфир вақти ажратилади.
– Айни пайтда медиа-ҳафталик қизғин паллага кирди, ёшлар учун бир неча кунлик семинар машғулотлари, медиа-майдончалари ўз самарасини бера бошлаганини кўрсатмоқда. Хорижий мураббийлар ҳам ёшларимизнинг интилиши ва шижоатларини эътироф этмоқда. Биргина мураббий машғулотларига биринчи куни 20 нафар талаба қатнашган бўлса, иккинчи куни уларнинг сони 40 нафарга етган. Ҳолбуки, бўлажак журналистларимиз учун бу машғулотларга қатнашиш мутлақо ихтиёрий, – деди ЎзОАВМА раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.
Талаба-ёшлар учун замонавий базалар Ўзбекистоннинг бешта университети, ОАВ соҳасида кадрлар тайёрланадиган факультетлар қошида ташкил қилинади. Бу ташаббус ўзаро меморандумлар орқали мустаҳкамланади. Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида ЎзЭОАВМА билан ана шундай ҳужжатлар имзоланади.
– Аввало, медиа-ҳафталик ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман, барчаси энг юқори андозаларга мувофиқ ва ҳозирги жараёнлардаги энг юқори ҳимоя даражалари билан тартибга солинган. Тадбирнинг ўзи, таклиф этилган мутахассислар бизда ёрқин таассурот уйғотмоқда ва бугун биз кузатиб бориш имконига эга бўлган оқимга қўшилиш имкониятига эга бўлдик. Ҳозир қанчалик хурсанд эканимни ифодалаб беролмайман, — деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар факультети 1-босқич талабаси Виктория Зубаирова.
Медиа-ҳафталик доирасида ихтисослаштирилган университет ва факультетлар талабалари PR ва SMM, журналистика, операторлик маҳорати, монтаж ва бошқа йўналишлар бўйича малака оширади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА