Талабалар учун ҳам амалиёт, ҳам имконият
Аввал хабар берганимиздек, Президентимизнинг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қашқадарёда кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган махсус штаб вакиллари мазкур қарор ижроси доирасидаги тиббий хатлов антопометрия тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида воҳа тиббиёт ходимларига амалий ёрдамга келган. Шунингдек, мамлакатимиздаги тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларида бакалавриатнинг юқори босқичлари, магистратура, шунингдек, клиник ординатура (резидентура)нинг 763 нафар қашқадарёлик талабаси, уларнинг 75 нафар мураббийси ҳам мазкур хатловга яқиндан кўмак бермоқда.
Талабалар ўз уйида яшаб, ўзларига яқин ҳудудлардаги поликлиникалар тиббий бригадаларига бириктирилган ҳолда ўз мураббийлари назорати остида тиббий хатлов тадбирларида иштирок этмоқда. Шу жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабалари ҳам Қашқадарё вилоятига амалий ёрдам учун юборилган. Қайд этиш жоизки, бу улар учун ўзига хос амалиёт ҳисобланади.
– Талабалар, магистрлар ва клиник ординаторларга ортиқча ташвиш туғдирмаслик учун улар имкон қадар ўз уйларига яқин ҳудудларга бириктирилди, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ботир Даминов. – Улар бевосита институтдан бириктирилган мураббийлари ва тиббий бригададаги оилавий шифокорлар назорати остида хонадонма-хонадон юриб, антропометрия тадбирларига кўмаклашмоқда, соғлом турмуш тарзига доир тарғибот суҳбатларини ташкил этмоқда. Шу орқали институтда олган билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Бу жараённинг яна бир жиҳатига эътибор қаратишни истардим. Одатда қашқадарёлик талабалар таҳсилдан сўнг пойтахтдаги ёки вилоят марказидаги марказий шифохоналарда қолиб ишлашга ҳаракат қилишади. Бу эса чекка ҳудудларда кадрлар тақчиллигини келтириб чиқаради.
Президентимизнинг бирламчи бўғинга қаратаётган алоҳида эътибори, хусусан, оилавий шифокор нуфузининг оширилаётганлиги бу муаммонинг ечимида муҳим аҳамият касб этади. Мана шу тиббий хатловдаги амалиёт жараёнида ҳам мутасаддилар бўлғуси шифокорларга бунинг моҳиятини тушунтириб, уларни ўз ҳудудларига жалб этишга куюнчаклик билан ёндашишлари зарур.
– Қарши шаҳридаги 6-оилавий поликлиникада тиббий хатлов тадбирларида қатнашаяпмиз,– дейди Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти 5-босқич талабаси Дилфуза Тўхтаева. – Кеча Кунчиқар маҳалласидаги хонадонларда антропометрияда тиббий бригадага ёрдам бердик. Айни пайтда поликлиниканинг махсус штабида олган маълумотларимизни электрон базага киритаяпмиз. Ўзим Қарши шаҳриданман. Ўз шаҳримда амалиёт ўтаётганимдан, қолаверса, шундай масъулиятли тадбир самарадорлигига ҳиссам қўшилаётганидан мамнунман.
ЎзА