Талабалар турар жой билан таъминланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида талабаларни 2023/2024 ўқув йилида ётоқхона ҳамда ижарадаги уйларга жойлаштириш масаласи ҳамда университетда йўлга қўйилган “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази” фаолияти билан ОАВ ходимларини таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Университетда “Талабалар турар жойи ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази” ташкил этилган бўлиб, марказ томонидан шу кунгача вилоятлардан келиб ўқийдиган 457 нафар талабага ижара хонадонларини топишда кўмаклашилди.
[gallery-13241]
Олийгоҳда шунингдек, талабалар турар жойига ёшларни жойлаштиришнинг шаффоф тизими ҳамда очиқлик сиёсатини юритиш мақсадида янги http://ttj.tuit.uz платформаси яратилган. Ушбу платформа орқали шу кунга қадар қабул қилинган 1600 та аризанинг 600 таси қаноатлантирилди, қолган аризалар кўриб чиқиш жараёнида. 120 нафар ногиронлиги мавжуд, 36 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга жой ажратилди. 376 нафар талаба ўтган ўқув йилида истиқомат қилган ижара хонадонларида яшашини маълум қилди.
Пресс-тур иштирокчилари университетнинг талабалар турар жойи, ўқув бинолари ҳамда спорт залининг том қисмига ўрнатилган қуёш панелларини кўздан кечирди.
Таъкидланишича, жорий йил август ойида қатор бинолар том қисмига жами 610 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатилган. Муқобил энергия манбасини жорий этиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА