Талабалар суд жараёнида иштирок этди
Навоий юридик техникумида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Унда техникум талабалари ҳам иштирок этиб, суд жараёнига гувоҳ бўлди.
Судлар томонидан ишларни кўришнинг очиқ, шаффофлигини таъминлаш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонуний ва адолатли бўлишига эришиш, мазкур ишларни амалга оширишда кенг аҳоли вакилларини жалб этиш одил судловга ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан ўтган 2021 йилда жами кўрилган 3559 та ишнинг 1819 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Суд мажлисларига маҳалла, корхоналар ва ўқув муассасалари вакилларининг жалб этилиши аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилиши аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш ва суд ҳокимияти очиқлигини ошириш йўлида кўрилаётган муҳим чоралардан бири ҳисобланади.

Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Тимур Абдраманов томонидан апелляция тартибида кўрилган иш юзасидан қабул қилинган қарор хулоса қисми суд мажлисида ўқиб эшиттирилди. Қарорнинг мазмуни, тарафлар ўртасидаги юзага келган низонинг аҳамияти, мазкур низони ҳал этишда қўлланилган қонун нормалари, тарафлар томонидан тақдим этилган далилларга нисбатан суд томонидан берилган баҳо ва ишнинг бошқа муҳим жиҳатлари хусусида батафсил тушунтиришлар берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА