Талабалар қонунчилик соҳасидаги янгиликлар билан танишди
Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ва профессор-ўқитувчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан танишди. Хусусан, қуйи палатанинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари аъзолари билан суҳбатлашди.
Мулоқотда тадбир иштирокчилари Қонунчилик палатасининг айни вақтдаги таркибий тузилиши, қўмита, комиссиялари, ишчи органлари ҳақида етарли ахборот олдилар, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил тадбирлари йўналишидаги фаолиятидан бохабар бўлдилар.
Ёшларга сўнгги йилларда мамлакатимизда қонунчилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди. Шунингдек, қонун ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилиши жараёни, лойиҳаларни Қонунчилик палатасига киритиш ваколатига эга бўлган субъектлар, келиб тушган ҳужжатларнинг ишчи органларида кўриб чиқилиши ва муҳокамадан ўтказилиши борасидаги тартиб-таомил ҳақидаги тушунча берилди.
Шу билан бирга тадбир иштирокчиларига юртимизда қизғин кечаётган конституциявий ислоҳот тўғрисида ҳам маълумот берилди. Хусусан, жорий йил 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашлари қўшма қарори билан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлагани айтиб ўтилди. Мазкур Конституциявий комиссия кенг жамоатчилик, фуқаролар фикр-мулоҳазаси, таклифларини умумлаштиришади, жаҳон тажрибасини ўрганиб, шу асосда тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқади.
Конституцияга ўзгариш киритиш бўйича жорий йил 24 май кунидан бошлаб “taklif@meningkonstitutsiyam.uz” ёки “taklif@2022.uz” электрон почталари орқали таклифлар қабул қилина бошлади. 26 майдан эса “www.meningkonstitutsiyam.uz” онлайн платформаси, телеграм махсус боти, 1341 қисқа рақамли “call-markaz” ишга туширилган, ижтимоий тармоқда бир неча канал ташкил қилинган. Бундан ташқари фуқаролар таклифларини ўз ҳудудидаги маҳаллага ёки Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига оғзаки ёхуд ёзма шаклда билдириши учун шароит яратилган.
Талаба-ёшлар ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнда фаол иштирок этишини маълум қилди, парламент фаолияти тўғрисидаги саволларига жавоб олди, фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди.
Ўз навбатида депутатлар ҳам мамлакатимиздаги илмий соҳа вакиллари, хусусан, талабалар, профессор-ўқитувчиларнинг парламент билан узвий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди. Юртимизда кечаётган қонунчилик соҳасидаги қизғин муҳокама жараёнида олий таълим муассасаларининг малакали мутахассислари, экспертлари фаол иштирок этиши лозимлиги якдил маъқулланди.
Гўзал САТТОРОВА, ЎзА мухбири