Талабалар ижоди: “Илҳом булоқлари – IV” шеърий тўплами тақдимоти ўтказилди
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида мазкур ўқув даргоҳининг талаба-ёшлари ижодига бағишланган “Илҳом булоқлари – IV” шеърий тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётга ошно ёшлар, талабалар, олий ўқув даргоҳининг педагогик жамоаси, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ректори Баҳодир Мирзаев мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида старт олган Китобхонлик марафони халқимизни китобхон миллатга айлантиришдек эзгу мақсадни кўзлаши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
– Аслида муҳандислик серқирраликни намоён этувчи касб, – деди университет ректори Баҳодир Мирзаев. – Ижодкор ёшларимиз ўз касбининг устаси бўлиши билан бирга инсон қалбининг муҳандислари бўлиб камолга етадилар. Бунда миллий адабиётимиз, гўзал шеъриятимиз, сўз санъатининг қуч-қудрати беқиёсдир.
[gallery-29817]
Айтиш керакки, пойтахтимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Адиблар хиёбони” барпо этилгач, Тошкент шаҳридаги ҳар бир олий ўқув юрти мазкур майдонда ҳайкали қад ростлаган муайян ижодкор асарларини, ҳаёти ва фаолиятини мукаммал ўрганишга янада кучли эътибор қаратди. Шу маънода Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодини пухта ўрганиш “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетига бириктирилди.
Бу борада университетда салмоқли ишлар олиб борилгани эътиборга моликдир. Университет кутубхонасида Абдулла Орипов музейи ташкил этилди. Шунингдек, шоир номидаги махсус стипендия таъсис этилиб, унга ўқиш, жамоатчилик ишлари, ижоддаги ибратли фаолияти учун кўплаб талабалар сазовор бўлмоқда.
Талаба-ёшларнинг ижодига бағишланган “Илҳом булоқлари” шеърий тўплами чоп этилишининг анъанага айлангани университетда китобхонликка, адабиётга қаратилаётган улкан эътиборнинг ёрқин намунасидир.
– Ижод йўлига кирган инсон борки, нур таратиш, эзгулик улашиш учун қўлига қалам олади, – деди таниқли шоир, публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Исмоил. – Янги Ўзбекистонда ёшлар учун, уларни яхши китобга, миллий адабиётимизга ошно этиш йўлидаги эзгу ташаббуслар бугун ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Бу эътибор ёш қаламкашлар ижод намунасидан иборат “Илҳом булоқлари” тўплами мисолида, халқаро спорт, фан олимпиадалари, ижодий танловларда ғолиб бўлаётган ёшларимизнинг катта ютуқлари мисолида бўй кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, 2020 йилдан буён самарали тарзда чоп этилиб келинаётган “Илҳом булоқлари” тўпламининг юзага келиши, умуман, мазкур университетда ёш ижодкорларнинг фаол қўллаб-қувватланаётгани мамлакатимиздаги аксарият олий ўқув юртлари учун ўзига хос ибрат, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
– Адабиётга ошно инсондан сира ёмонлик чиқмайди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари, шоир ва публицист Фозил Фарҳод. – Қайси соҳада бўлмасин, инсон муттасил ўз қалбини тарбиялаб бориши керак. “Илҳом булоқлари” шеърий тўпламини варақлаб, ёш ижодкорлар орасида устоз шоирларнинг йўлидан борадиган истеъдод соҳиблари борлигини ҳам сезиш мумкин.
– Адабиётни болалигимдан жуда яхши кўраман, – дейди университетнинг экология ва ҳуқуқ факультети талабаси Жавоҳир Отабоев. – Шеърлар машқ қилишни яхши кўраман. Ушбу тўпламда миллий ўзликни англаш, Ватан, истиқлол мавзусидаги бир нечта шеърларим нашр этилганидан жуда мамнунман. 2024/2025 ўқув йилида Абдулла Орипов номидаги стипендияга сазовор бўлдим. Бир қатор ижодий танловларда муваффақият қозондим. Гарчи келгусида юрист бўлсам-да, адабиётга ошнолик тафаккуримни чархлашда, инсонийликни теран англашда, сўз қадрини англаш ва уни ўрнида қўллашда менга жуда катта ёрдам беради.
Тақдимот тадбирида университетда китобхонликни ривожлантириш, ёшлар ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишлар, келгусидаги режалар ҳақида батафсил сўз юритилди.
Талабаларга “Илҳом булоқлари – IV” шеърий тўплами туҳфа этилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА мухбирлари