Талабалар институт ҳаётига мослашмоқда
Андижон давлат педагогика институтида “Янги Ўзбекистон ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Институтга янги қабул қилинган 1-босқич талабаларини олий таълим муҳитига мослаштириш, уларни институт ҳаёти билан яқиндан таништириш ҳамда ёшларнинг билим олиш ва шахсий ривожланишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Таништирув ҳафталиги” тадбирлари доирасида ўтказилган давра суҳбатида институт ректорининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Фурқатбек Нодирбеков, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Муслима Абдуқаҳҳорова, Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси соҳиби Обидахон Юсупова, шунингдек, институтнинг бир гуруҳ фаол, изланувчан ва ташаббускор ёшлари иштирок этди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган давра суҳбатида янги қабул қилинган талабаларга олий таълимдаги имкониятлар, талабалик ҳаёти, сифатли таълим олиш, илмий изланишлар олиб бориш, турли танлов, лойиҳа ва ташаббусларда иштирок этиш, шунингдек, ўзларининг иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумотлар берилди.


Шунингдек, мулоқот давомида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, илм-фан, инновация ва жамоатчилик фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.


Тадбир меҳмонлари – юқори натижаларга эришиб келаётган талаба ва ёш устозларнинг ўз ҳаётий тажрибаси, эришган ютуқлари ҳақидаги суҳбатлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Улар муваффақиятга эришиш йўлида изланиш, қатъият, меҳнат, билим ва берилаётган имкониятлардан тўғри, самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, 1-курс талабаларини ўз олдига аниқ мақсадлар қўйишга, доимий равишда ўз устида ишлашга ҳамда институт ва жамият ҳаётида фаол бўлишга чақирди.

Қизиқарли мулоқот давомида талабалар ҳам фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири