"Талабалар баҳори” фестивали
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида ташкил этилган “Талабалар баҳори” фестивали ёшлар бирлашса, катта куч эканлигини яна бир бор намоён этди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъуллари ҳамда Жиззах шаҳридаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари иштирок этди.
Тадбирни ЖДПУ ректори, профессор Шавкат Шарипов очиб, барча қатнашчиларга омад ва зафарлар тилади.
Тадбир доирасида ЖДПУнинг барча факультетлари талаба-ёшлари томонидан республикамиз вилоятларининг ўзига хос урф-одатлари, миллий қадрият ва анъаналари намойиши, талаба-ёшлар ўртасида китобхонлик, заковат каби кўрик-танловлар ҳамда турли спорт мусобақалари, жумладан, стол тенниси, шахмат ва шашка беллашувлари ўтказилди.
[gallery-23431]
Янги адабиётлар ва ижодий ишлар кўргазмаси, модалар намойиши, миллий фольклор куй-қўшиқларига монанд рақслар, мушоира кечаси ҳамда давра суҳбатлари барчага манзур бўлди.
“Қувноқлар ва зукколар” жамоаларининг чиқишларида талабаларнинг кундалик турмушидан олиб тайёрланган ҳазиллар томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.
Талабалар ўз маҳоратларини нафақат илм-фанда, балки санъат, спорт соҳаларида ҳам намоён этишди. Айниқса, ташкил этилган саҳна кўринишлари байрам сайлига ташриф буюрган меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
“Талабалар баҳори” фестивали жараёнида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини барчанинг диққат марказида бўлди. Беллашув ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унда жами 12 та жамоа қатнашди.
– Бундай тадбирлар ёшларнинг бадиий-ижодий маҳоратини намоён этишга кўмаклашиши билан бирга, уларда келажаги буюк давлат ворисларига хос истиқболга ишонч, илм-маърифат чўққиларига интилиш, шижоат сингари фазилатларни тарбиялашда муҳим ўрин тутади, – дейди Жиззах вилоят прокурори Б. Иброҳимов.
Фестиваль якунида йил давомида халқаро ва республика миқёсидаги турли танлов, ижодий беллашув ва спорт мусобақаларида муваффақиятли натижаларга эришган ижодкор ва иқтидорли фаол талабаларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбиралари