Такомиллашган тил сиёсати
Тил масаласи мавсумий мавзу ёхуд муаммо бўлмагани каби у фақат айрим мутасаддиларга ҳам боғлиқ бўлиб қолмайди. Тил масаласи миллат масаласи.
Она тилим – жону дилим
Унда ўзбек тилининг ижтимоий ҳаёт ва халқаро миқёсдаги нуфузини тубдан ошириш, ёшлар қалбида тил ва элга бўлган меҳр ҳиссини ошириш, ўзбек тили ва тил сиёсатини тараққий эттиришнинг устувор йўналишлари рўйи рост белгилаб берилгани эътиборга молик. Тўғри, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони шу борада ташланган илк, дадил қадам эди. Бу фармонда эса уни бекаму кўст ижро этиш, истиқболдаги режалар билан боғлиқ йўл-йўриқ ва харита очиқ-ойдин белгиланган. Бу ўн йилга мўлжалланган концепция бўлиб унда белгиланган ҳар бир вазифани кечиктирилмасдан ҳал этишни талаб этади. Чунки, тил тараққиётнинг тақозоси ва тарозисидир, У тарихга ҳам, тақдирга ҳам мезон. У оддий сўзлашувдан тортиб сиёсий ва халқаро майдондаги нутқларгача ўз моҳиятини намоён этаётгани сир эмас. Элнинг рутбаси аввало, унинг тили билан. Тарғибот-у ташвиқотнинг, лидерлик-у фермерликнинг, ишбилармонлик-у тадбиркорликнинг, ходимлар-у раҳбарлар фаолиятининг алифбоси, ибтидоси тил даражаси ва нутқ сифати билан боғлиқлиги аён.
Шунинг учун ҳам 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси муҳим муаммоларнинг ечими ва битимига асос бўлишига шубҳа йўқ. Фуқаролик бурчини англаган, ватан тақдирига дахлдорик туйғуси билан яшайдиган ҳар бир инсон давлат тилига эътибор ва эҳтиром билан қараши зарур. Бунинг учун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш талабига бефарқ бўлмаслиги керак. Ўзи ўқийдиган ёки ишлайдиган муассасада, кўча-куйда давлат тилининг амал қилиниши қай даражада эканини кузатиш ва ўзидан ўтказиш масъуллик ва мажбуриятдир. Маълумки, давлат тилининг имкониятларидан барча жабҳаларда фойдаланиш ўз-ўзидан бўлмаслиги аён. Бунинг учун таълим тизимини, ўқитиш даражасини мукаммал ва самарали тарзда амалга оширилиши муҳим. Тил шунчаки, сўзлашув, мулоқот тили учун эмас, балки уни илм-фан тилига айлантириш зарурияти фармонда ўринли қайд этилган. Бунинг учун 80 мингдан зиёд сўз акс этган беш томлик изоҳли луғатимиз кирилл ва лотин алифбосида қанча нусхада чоп этилганини эътироф этиш қувонарли, лекин унинг таркибидаги сўз ва ибораларни илмий-адабий жараёнда кенг қўлланилишини таъминлаш йўллари ҳақида бош қотириш фойдадан холи эмас, албатта.
Айни дамда луғатнинг 20дан зиёд давлатда тақдимоти ўтказилгани, 17 та хорижий мамлакатда 30дан ортиқ "Ўзбек тилининг дўстлари" клублари фаолият юритаётгани, 250дан зиёд илмий-публицистик, бадиий китоблар, луғатлар, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар етказиб берилгани эътиборга молик. Бу ҳаракатда, шубҳасизки, Давлат тилини ривожлантииш департаментининг хизмати катта. Давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш доимий диққат марказимизда. Хориждаги 60 та давлатда ўзбек тилининг фан сифатида ўқитилаётгани ҳам фахрли. Ютуқлардан эсанкирамасдан, бу фаолиятни янада кенг кўламли қилиш мақсадга мувофиқ.
Давлат тилининг рутбаси унинг софлиги масаласига боғлиқ. Тоза нутқ андозали нутқ, унинг софлиги учун кураш нутқ маданиятининг ҳар иккала оғзаки ва ёзма турига ҳам дахлдор. Ҳар биримиз давлат тилини қай даражада билишимизни ҳис этишимиз керак. Давлат тилини амалда эканини билишнинг оддий усули - "мен кўрган, эшитган, ўқиган, билган ва гувоҳ бўлган нарса-ҳодиса ҳақида мулоҳазаларимни оғзаки ва ёзма тарзда қай даражада етказа оламан" деган саволга жавоб беришдир. Ўз тилимизда ифодаловчи сўзи бўлгани ҳолда, ажнабий тилдаги сўзларни аралаш қўллаш, нутқ софлигига зид ҳаракат, кечириб бўлмас ҳолат. Ҳамият ва ҳимоя бир ўзакдан ясалган арабча сўзлардир. Инсон ўз шаънини, ҳамиятини ҳимоя қилади. Бу табиий. Миллат шаъни ва ҳимояси унинг тилига бўлган муносабатда англашилади. Демак, давлат тилининг ҳам ҳамияти бўлиб, у ҳимояга муҳтож бўлади. Ўзимизнинг касбий фаолиятда, таълимий, тарбиявий ва бошқарув жараёнида адабий тил меъёрларига риоя этиш, унинг софлигини сақлаш жиддий масала.
Таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш борасидаги фаолият муҳим. Шунинг учун ҳам Фармонда қайд этилганидек, 2025 йилга қадар мактабгача таълим тизимида амалдаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудларини кенгайтириш ёки янги қуриладиган муассасалар ҳисобига ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш борасидаги режа катта моҳиятга эга. Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир деган нақлни биламиз. Кўчат қай йўсинда ўтқазилса, парваришланса худди шу йўсинда ўсиши аниқ. Болаларимиз онг-у шуурига тилга меҳр, она юртга муҳаббат туйғуси болалигидан сингдирилса, келажагимиз буюк бўлишига, чин маънода, Учинчи ренессанснинг қад ростлашига кафолат бор. Бу умумтаълим мактабларида ўзбек тили фанини ўқитиш соатларини ошириш, олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини кўпайтириш билан боғлиқлиги ҳам ойнадек равшан. Лекин шуни ҳам эътибордан соқит қилмаслик керакки, педагогик маҳорат, яъни ўқувчининг онг-у тафаккурига фан бўйича мавзуни сингдириш механизми - ўқитувчининг киришимлилик лаёқати (педагогнинг коммуникатив компетентлиги) тўла шакллантирилиши зарур. Бусиз таълимда ҳам, тарбияда ҳам сифат, самара ва натижани кутиш қийин. Тажриба ва кузатишларимиз шуни кўрсатадики, кўплаб ўқитувчи ва мураббийлар етарли билимга эга, ахборот-компьютер технологияларини ҳам обдон ўзлаштирган, ҳатто бир нечта хорижий тилларни ҳам билишади, лекин ўқувчи диққати, ақли, қалби билан тиллаша олмайди, аниқроғи "диллаша" олмайди. Сабаби, билим, кўникма, малакани ўз ичига олган коммуникатив компетентлик тўла шаклланмаган, тафаккур ва тажриба чиғириғидан ўтказилмаган. Биз мана шу жиҳатни нозик этганимиз ҳолда, Президентимиз давлат раҳбари сифатида ўз фаолиятини бошлаган пайтларида айрим ҳоким ва раҳбарларга қарата халқ билан мулоқот қилишдаги нўноқликларни рўйи рост айтган чоғларда мулоқот ва муомала механизмини ўргатиш мақсадида "Нотиқлик санъати академияси" нодавлат таълим муассасини ташкил этгандик. Турли тоифа ва касбдаги ўқитувчилар, қизиқувчи талабалар таҳсил олиб анча тажриба орттирган эдилар. Пандемия сабаб ҳозир фаолиятимиз бир мунча қисқарган бўлсада, шуни айтмоқчимизки, ўқитувчининг ўзидаги ёқимлилик, сўзидаги юқумлилик, бошқача айтганда, таъсирчан таълим механизми - нотиқлик маҳорати, нутқ маданияти ва санъатини тўла шакллантириш илм-фанга тоза ҳаво, тоза қон олиб киради. Биз бу борада ҳамиша ҳамкорликка тайёрмиз. Ана шунинг учун ҳам Фармонда аҳолининг нутқ маданиятини ошириш, соҳа мутахассисларининг нотиқлик маҳоратини ривожлантириш масаласи алоҳида уқтирилган.
Телевидение ва радио бошловчилари нутқига эътибор қилгани ҳолда халқимиз давлат тилининг бойлиги, софлиги, нафосати ва жарангини ҳис этади, англайди. Шунинг учун ҳам тил ва нутқ маданияти, аввало, уларнинг тафаккури ва талаффузида акс этади. Худди шу маънода улар адабий тилимизнинг толмас тарғиботчиси, нутқ маданиятининг теран ташвиқотчисидир. Бу эса уларга юксак масъулият ва мажбурият юклайди. Бу талаб давлат ва нодавлат телерадиоканалларга ҳам дахлдорлигини асло, ёддан чиқазмаслик зарур. Фармонда кўрсатилганидек, "телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш", албатта, фойдали ва зарур. Лекин ўқитиш тизимини номигагина ташкил этмасдан, аввало, етук тилшунос ва тажрибали сухандонлар таркибини шакллантириш зарур.
Давлат тилининг расмий ёзуви борасида ҳам худди шундай мулоҳазаларни билдириш мумкин. Икки ёзувда иш юритилиши ҳам бир мунча мураккаблик ва англашилмовчиликларни келтириб чиқараётгани рост. Лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси расмий ёзув экан унга ўтиш жараёнини тезлаштириш зарур. Таъбир жоиз бўлса, токайгача бобо невара устидан, невара бобо устидан "кулади". У буни, бу уни ўқий олмайди. Уч ой муддатда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишни таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳини ташкил қилиш ва аниқ чора-тадбирлар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масаласининг кўндаланг қўйилиши ҳам айни муддао бўлди.
Фармонда қайд этилган яна бир муҳим, айни пайтда нозик масала раҳбар ходимларнинг давлат тилини билиши ва амал қилиши даражасидир. Ўз тилида, оғзаки ва ёзма йўсинда фикрини мустақил тарзда ифодалаб етказа олмайдиган раҳбар ва мутахассиснинг соҳа ривожига ҳисса қўшишига ишониш қийин. Жуда кўплаб нохуш ҳолатлар, орада пайдо бўладиган ихтилоф ва низоларнинг келиб чиқиши мулоқот маданияти ва нотиқлик маҳоратини етишмаслигидан экани аён. Ана шу боис "2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилиши" мақсадга тўла мувофиқ. Ҳар бир ходим раҳбарнинг нутқи ва хулқи, ўзини тутиши ва юриш-туриши, билим-савияси, ишбилармонлиги ва муомаласига қараб эргашади ҳамда ҳурмат қилади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1-2 ойгача) ўқув курсларининг мунтазам равишда ташкил этилиши ана шу мақсадга хизмат қилади. Худди шу маънода касбий фаолиятда, бошқарув ва таълим-тарбия жараёнида нотиқлик маҳорати, нутқий ва хулқий маданиятни шакллантиришнинг психолингвистик асосларини амалий тарзда ўргатишга қаратилган "Нотиқлик санъати академияси" таълим муассасаси давлат хусусий шериклик талаблари асосида ҳамкорликка чорланса, фойдадан холи бўлмаслиги аниқ.
Назарий маълумот амалий машғулот билан уйғун бўлган тақдирдагина режалар тўла амалга ошади. Тилнинг мавжудлик мезони ва бойлигини белгиловчи омиллар фақат изоҳли луғатлар билангина эмас, балки, тилнинг таркибини намоён этувчи бошқа йўсиндаги луғатлар ҳам экани, улар эса ўз навбатида нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини амалга оширувчи муҳим воситалардан саналишига эътибор қилингани қувонарлидир.
Фармонда, жумладан, “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек тили синонимлари луғати”, “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”, “Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати”; “Ўзбек тили омонимлари луғати”ни ҳам тайёрлаб нашр этилиши ҳам қайд этилганки, бу эса тил сиёсатидаги, давлат тилини янада ривожлантиришдаги муҳим қадамдир.
Соҳа мутахассисларидан бири сифатида бизни хурсанд қилгани шуки, "Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси манфаатдор ташкилотларни жалб қилган ҳолда 2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телеканалларда “Тилга эътибор”, “Она тилида сўзлашамиз”, “Нотиқлик маҳорати”, “Тил – миллат кўзгуси”,
“Китоб билим манбаи”, “Билимли ёшлар – келажак бунёдкори” каби туркум кўрсатув ва эшиттиришларни ташкил қилиб, мунтазам равишда эфирга узатиб борилишини таъминлашни" йўлга қўйилиши энг муҳим, долзарб, ижобий ва ижодий ҳодисадир.
Тил масаласи мавсумий мавзу ёхуд муаммо бўлмагани каби у фақат айрим мутасаддиларга ҳам боғлиқ бўлиб қолмайди. Тил масаласи миллат масаласи. Ҳар биримиз унинг тарғиботи ва ташвиқоти масаласини оиламизда, маҳалла, ўқиш ёки иш жамоамизда тўла ва ўринли қўлланишига масъулмиз. Аввал ўзингдан бошла деган халқ нақли бежиз эмас. Ҳар биримиз кўрган, эшитган, билган, ўқиган, гувоҳ бўлган нарса-ҳодисани оғзаки ва ёзма тарзда ифода этиш уқувига эга бўлсаккина тил сиёсати борасидаги муаммолар ечилади. Қолавера, такомиллашган тил сиёсати, ўзбек тилини янада равнақ топтириш фуқаролик бурчи ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғусидир.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
"Нотиқлик санъати академияси"
нодавлат таълим муассаси раҳбари,
филология фанлари номзоди, доцент.