Таэквондочилар 2022 йилги мавсумни бошлашди
Бугун, 6 январдан эътиборан таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2022 йилги спорт мавсумига тайёргарликка киришди.
Терма жамоа бош мураббийи Павел Хан бошчилигида ўқув-машғулот йиғинини бошлаган таэквондочиларимиз 30 январга қадар Тошкентдаги таэквондо марказида бўлғуси мусобақаларга тайёргарлик кўришади.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, машғулотларда 21 нафар спортчи, 6 нафар мураббий иштирок этмоқда.
Кундалик машқларни терма жамоа бош мураббийи қатори Александр Ким, Собир Пахлавонов, Максим Рафалович, Дмитрий Хван каби тренерлар ҳам олиб боришмоқда. Машғулотларга Улуғбек Рашитов, Никита Рафалович, Ниёз Пўлатов, Светлана Осипова каби тажрибали таэквондочилар қатори ёш ва умидли спортчилар ҳам жалб этилган
Мамлакатимиз таэквондочилари учун 2022 йилнинг илк халқаро мусобақалари жорий йилнинг февраль ойида Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларида ўтадиган халқаро турнирлар этиб белгиланган.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА