Тадбиркорнинг лойиҳа ҳужжатларини келишишни кечиктирган масъул ходим жавобгарликка тортилди
“Х.Х.О.Б.” МЧЖ Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси ходимларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Қурилиш бош бошқармасининг Яккасарой туман бўлими архитектори томонидан тадбиркорнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари асоссиз равишда келишиб берилмасдан, пайсалга солиб келинган.
Мазкур ҳолат Вакил девони томонидан ўрганилганда, тадбиркорнинг эътирозлари асосли экани тасдиқланди. Кўрилган тезкор чоралар ва қўйилган қонуний талаблар натижасида туман архитектори лойиҳа-смета ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, ижобий хулоса берди. Шу тариқа тадбиркорнинг қонуний талаби тўлиқ қаноатлантирилди.
Шу билан бирга, хизмат вазифасига совуққонлик билан қараган ва қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган Қурилиш бош бошқармаси Яккасарой туман бўлими масъул ходимига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
ЎзА