Тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги “Eco Infinity Technology” масъулияти чекланган жамият раҳбари Ж.Отажонов 2025 йилнинг октябрь ойида Амударё тумани Қўрғон кўчаси 2-уйда жойлашган иморатни аукцион савдоси орқали сотиб олган.
Аммо, мазкур иморат Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан “автомобиллар жарима майдончаси” сифатида фойдаланиб келинаётганлиги сабабли тадбиркорнинг ўзига тегишли бўлган мулкдан фойдаланиш имконияти чекланган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган “Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ балансда сақловчи бўлган масъул давлат ташкилоти сотилган давлат кўчмас мулк объектини беш кун ичида харидорга топшириш лозим бўлса-да, лекин тадбиркорга мулкни топшириш чоралари кўрилмаган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари томонидан автотранспорт воситаларини олиб чиқиб, бинони бўшатиб бериш ўрнига тадбиркор йўлига тўсиқ бўлган. Масъул давлат органларининг ҳаракатсизлиги оқибатида тадбиркорнинг ўз мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиши муаммога айланиб, бу жараён 9 ой давом этган.
Мазкур масалага Бизнес омбудсман аралашгач, тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқларини бузган давлат органи мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жарима қўлланилди ҳамда келгусида бундай ҳолатларни бартараф қилиш ва йўл қўймаслик мақсадида давлат органлари раҳбарига тақдимнома киритилди. Натижада тадбиркорнинг мулк ҳуқуқлари бузилиши тикланиб, тадбиркорнинг иморати фойдаланишга олиб берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири