Тадбиркорнинг ҳуқуқи олий судда тикланди
Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъекти раҳбари Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилиб, коврак маҳсулотини етиштириш учун берилган ер майдони ҳоким қарори асосида олиб қўйилганини маълум қилган.
Тадбиркорга коврак маҳсулоти етиштириш учун Деҳқонобод тумани ҳокимининг 2019-2020 йиллардаги қарорлари билан жами 995,6 гектар ер майдони ижарага берилган.
– Деҳқонобод туман ҳокимининг 2020 йил 2 октябрдаги HQ-882/10-сонли қарори билан ер ижара шартномаси бир тарафлама бекор қилиниб, ажратилган ер майдонининг бир қисмини қайтариш белгиланган, – дейди Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори М.Исмаилов. – Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ агар ушбу кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркор манфаатини кўзлаб Қарши туманлараро маъмурий судига ариза тақдим қилинган. Қарши туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори билан судга шикоят қилиш муддати сабабсиз ўтказиб юборилганлиги таъкидланиб, ариза рад қилинган.
Қашқадарё вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 19 октябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Мазкур суд қарорлари юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Олий судга кассация шикояти киритилган.
Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 февралдаги қарори билан қуйи инстанция судларининг қарорлари бекор қилиниб, Деҳқонобод туман ҳокимининг тадбиркор манфаатида зид тарзда қабул қилинган қарори қисман ҳақиқий эмас, деб топилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА