Тадбиркорлик – тараққиёт таянчи
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси тадбиркорлик субъектлари вакилларига соҳага оид барча масалаларда тегишли маслаҳат бериш ва фуқаролар мурожаатини белгиланган тартибда ўрганиш, уларни ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси тадбиркорлик субъектлари вакилларига соҳага оид барча масалаларда тегишли маслаҳат бериш ва фуқаролар мурожаатини белгиланган тартибда ўрганиш, уларни ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, макроиқтисодий мутаносиблик ҳамда юқори ўсиш суръатлари барқарорлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Тадбиркорлик субъектлари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кредит-молия ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича маслаҳатлар беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатлар йўналишида ҳам изчил ишлар олиб борилди. Ҳудудий бошқарма назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган кўплаб хўжалик субъектлари фаолияти текширувларида иштирок этди. Натижада тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судларга 4 минг 600 дан ортиқ даъво аризаси, қарийб 200 га яқин илтимоснома киритилди ва уларнинг барчаси ижобий ҳал қилинди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасида фуқаролар мурожаатини белгиланган тартибда ўрганиш ва ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудий бошқарма томонидан Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, назорат қилувчи органлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда “Тадбиркорлар куни” тадбирлари ташкил этилмоқда. Бунда тадбиркорлар соҳага оид янги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, солиқ, божхона, статистика тармоқларида қўлланилаётган имтиёз ва преференциялар, ахборот-коммуникация соҳасида яратилаётган қулайликлар хусусида атрофлича маълумот олмоқда. Тадбирлар доирасида билдирилган таклиф ва муаммоли масалаларнинг аксарияти жойида кўриб чиқилмоқда.
– Тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг мурожаатлари исталган шаклда қабул қилинади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ф.Маманов. – Ўтган йили кўпроқ жисмоний ва юридик шахсларнинг хорижга чиқиш ва тажриба алмашиш, замонавий технологиялар харид қилиш, бизнес-режа тузиш, тижорат банкидан кредит олиш, янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш, дебиторлик қарзларини ундириш кабиларга қонун доирасида ҳал этилишига кўмаклашилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан жорий йилда ҳам тадбиркорларга ишлаб чиқаришни ташкил этиш, хориждан зарур ускуналар олиб келиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари таклифларини ўрганиш ҳамда уларнинг юртимиз ва чет давлатларда ташкил этиладиган бизнес-форумлар, конференциялар ва кўргазмаларда иштирокини янада кенгайтиришга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.