Тадбиркорлик фаолияти ишончли ҳимояда
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити – тадбиркорлар нигоҳида” мавзусида ижтимоий сўров ўтказди.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити – тадбиркорлар нигоҳида” мавзусида ижтимоий сўров ўтказди.Тадқиқотдан кўзланган мақсад мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шароитлар яратишни таъминлашга йўналтирилган қонунчилик ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида жамоатчилик фикрини ўрганишдан иборат бўлди.
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тажрибали тадбиркорлар, турли мулкчилик шакли, йўналиш ва соҳалардаги корхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадбиркорлар ва фермерларнинг аксарияти мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик муҳитини ижобий баҳолайди. Тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар, уларни янада яхшилаш, шунингдек, мулкчиликнинг турли шаклида муваффақиятли фаолият юритиш учун тенг имкониятлар берилаётгани ишбилармонлик муҳити юқори даражада ривожланаётганини тасдиқлайди.
2015 йилда тадбиркорларнинг юқори самарадорлик ва ижобий натижаларга эришгани мамлакатимизда улар учун қулай шароитлар яратилганининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Ўтказилган сўровда тадбиркорлар 2015 йилги фаолияти натижаларини ижобий баҳолаши аниқланди. Бу иқтисодиётимиз хусусий секторининг сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига ўтаётгани, яъни дастлаб ўз капиталини тўплаб, уни ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардошликни оширишга йўналтираётганидан далолат беради.
Тадбиркорларнинг фикрича, уларни рўйхатдан ўтказиш, ишлаб чиқараётган маҳсулотига лицензия олиш ва сертификатлаш жараёнининг очиқ-ошкоралиги, тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларнинг бартараф этилаётгани, солиқ имтиёзлари берилаётгани, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали банк фаолияти ҳамда хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқий ҳимоялангани мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити сифатига ижобий таъсир кўрсатаётган омиллардир.
Сўров натижаларидан маълум бўлишича, корхоналар қонунчиликда белгиланган муддатлар доирасида рўйхатдан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, аксарият фермерлар (85-94 фоизи) ер участкаси, кредит ва қишлоқ хўжалиги техникасини олишда қийинчиликларга дуч келмаган. Тадбиркорларнинг кўпчилиги (80,9 фоизи) лицензиялаш жараёни соддалаштирилгани, шунингдек, рухсат ёки лицензия олиш ошкора амалга оширилаётганини таъкидлади.
Тадбиркорларимиз фуқаролар ва давлат манфаатларини ўзида тенг мужассамлаштирган, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантирадиган мамлакатимиз солиқ тизимини самарали деб баҳолайди.
Сўров қатнашчилари банкларнинг тадбиркорлар билан ишлаш жараёнини ижобий баҳолаётгани мамлакатимизда банк фаолияти юқори кўрсаткичларга эга эканидан далолат беради.
Сўров мамлакатимизда тадбиркорларнинг давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларида ҳуқуқ устуворлиги принципига амал қилинаётганини кўрсатди. Масалан, аксарият сўров қатнашчилари сўнгги йилларда текширувлар сони камайганини қайд этди. 73,6 фоиз тадбиркорларнинг фикрича, текширувлар асосан профилактика хусусиятига эга бўлиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатишга қаратилмоқда.
Сўров натижалари мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайдиган зарур ҳуқуқий база яратилганини тасдиқлайди.
Тадбиркорлар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давр талабидир. Бу, ўз навбатида, бошқарув ва назорат органларининг қонунга зид турли ҳаракатлари йўлига ишончли тўсиқ қўйиш, уларга ўз фаолиятини ошкора ва самарали амалга ошириш имконини беради.
«Ижтимоий фикр» маркази материаллари
асосида ЎзА мухбири
М.Маметова тайёрлади.