Тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари доимий ҳимояда
Ҳуқуқий муносабат
Сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва асоссиз аралашувларнинг олдини олиш борасида бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Бизнес-омбудсман томонидан ҳам тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ушбу ҳуқуқлар ҳамда қонуний манфаатларга давлат органлари томонидан риоя этилиши учун кафолатлар бериш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Хўш, қонунчилик ҳужжатлари билан тадбиркорларга қандай янги имкониятлар берилди? Жумладан, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарар қандай қопланади? Бу борадаги саволларга Бизнес-омбудсман девони етакчи инспектори Омонжон Арабов жавоб берди.
— Тадбиркорларга ер ва бино-иншоотларни муҳофаза қилиш, мулкий ҳуқуқларни кафолатлаш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда ер участкаларини хусусий секторга бериш каби ислоҳотлар жадаллик билан амалга оширилди, – дейди О.Арабов. – Тадбиркорларнинг мулкига бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш ҳамда ҳимоялаш учун давлат органи ёки мансабдор шахснинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, фақатгина суд тартибида кўриб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарар суд қарори асосида бевосита шу давлат органининг ўз маблағи ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди.
Биргина, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш бўйича ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинишини ҳам ерга оид муносабатларда иқтисодиётни либераллаштириш ва давлат бошқарувини қисқартиришга қўйилган яна бир қадам десак бўлади.
Бу эса давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истисно асосида белгилаш ташаббуси билан чиқишни тақиқлайди. Ерлар барча учун бир хил ва шаффоф тартибда ажратилиши ерларни талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш ҳолатларининг камайиши ҳамда ер соҳасида жамоатчилик назоратининг ортишига олиб келади.
Натижада ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш учун «E-AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга ошириш таъминланади. Вакил девони томонидан «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот портали орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари доимий равишда таҳлил этиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 2022 йилда тадбиркорлик субъектларидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаси ва бино-иншоотлар учун компенсация тўловларини олиш бўйича судларга 9 та даъво ариза киритилиб, тадбиркорлар фойдасига 3 миллиард 772 миллион сўм ундирилган.
Жумладан, Ховос туман ҳокимлигининг масъул мансабдор шахси тадбиркорга тегишли ер майдонини захирага олиб қўйилишида белгиланган тартибни бузиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этгани учун суд қарори асосида маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимият органларига қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 2 та тақдимнома киритилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминлаган.
Гулноза Бобоева, ЎзА