Тадбиркорларнинг муаммолари жойида ҳал этилмоқда
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш, уларни ўйлантираётган масалаларни тинглаш ва амалдаги муаммоларга ечим топиш мақсадида Шаҳрисабз шаҳрида учрашув ташкил этди.
Мазкур тадбирда Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Шерзод Бўриев, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида тадбиркорлар солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, солиқларни бўлиб тўлаш, ҳисоботларни тақдим этиш ҳамда солиқ органлари фаолиятига доир турли масалалар юзасидан ўз мурожаатларини билдирди. Мулоқот чоғида кўтарилган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, вақт ва таҳлил талаб этадиган масалалар бўйича эса аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
– Илгари солиқ билан боғлиқ бирор муаммо бўлса, солиқ идорасига бориб, соатлаб навбат кутишимизга тўғри келарди. Энди эса масъуллар ўзлари келиб, муаммоларимизни тинглаяпти, мулоқот олиб боришяпти. Бу албатта, биз тадбиркорлар учун катта қулайлик, – дейди бош ҳисобчи Камола Сагдиева.
[gallery-23816]
Шунингдек, учрашувда Сирожиддин Эшматов умумий овқатланиш корхоналари фаолиятига оид янги талаблар юзасидан ҳам батафсил маълумот берди. Хусусан, жисмоний шахслардан харид қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини электрон тарзда расмийлаштириш, тўланган ҚҚСнинг 40 фоизгача бўлган қисмини қайтариб бериш тартиби, алкоголли маҳсулотларни маркировкалаш ва уларни белгиланган қоидаларга мувофиқ сотиш масалалари кенг ёритилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 февралдаги “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 1 апрелдан бошлаб солиқ органлари ходимларига бир қатор ҳуқуқбузарликлар аниқланганда назорат тадбирларини амалга ошириш ваколати берилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Жумладан, назорат-касса техникаси ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланмаслик, ходимларни ва уларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ҳисоботларда тўлиқ акс эттирмаслик, ер майдонларидан ҳужжатсиз ёки белгиланган ҳажмдан ортиқ фойдаланиш, фойдали қазилмаларни ноқонуний равишда қазиб олиш каби ҳолатлар шулар жумласидир.
Тадбир якунида тадбиркорлар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб берилди, таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари