Тадбиркорларга янги имконият ва имтиёзлар тушунтирилди
Хоразм вилоят солиқ бошқармасида тадбиркорлик субъектлари ва ҳисобчилар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда “Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Солиқ қўмитаси вакили Ғайрат Абдусаматов тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган янги имконият ва имтиёзлар, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, назорат тадбирларини тартибга солиш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда берилаётган қўшимча имкониятлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Жумладан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга 3 йиллик мораторий жорий этилиши, такрорий текширувларнинг Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказилиши ҳамда «Биринчи хато учун – огоҳлантириш» тамойили асосида биринчи марта қоидабузарликка йўл қўйган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилиши тушунтирилди.
[gallery-31316]
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан то 31 декабргача кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси эълон қилингани, белгиланган шартлар асосида солиқ қарздорлиги тўлиқ тўланганда ҳисобланган пенялар бекор қилиниши, солиқ ҳисоботларидаги хатолар мустақил равишда тузатилган тақдирда айрим ҳолларда пеня ҳисобланмаслиги ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, давлат хизматларининг 50 фоизини «сукут – розилик» тамойилига ўтказиш, айрим тадбиркорлар учун электр қуввати ва табиий газ бўйича олдиндан тўланадиган ҳақ миқдорини 15 фоиз этиб белгилаш, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган янги тартиблар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.
Қолаверса, экспорт бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни сўндириш учун 2027 йил 1 январга қадар бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилингани тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари