Тадбиркорларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда
Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур йўналишда Андижон вилоятида ҳам қатор ташкилотлар ҳамкорлигида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Андижон вилоятидаги йиллик товар айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган 94 та йирик тадбиркорлик субъектининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман девонининг вилоятдаги вакили, Савдо-саноат палатаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, солиқ, божхона бошқармалари ва бошқа қатор ташкилотларнинг раҳбар ходимлари бириктирилган бўлиб, улар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларнинг ҳал этилишига амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
– Масалан, Андижон шаҳридаги “Uz-Koram Kompani” МЧЖнинг импортга оид шартномалар доирасида ташқи савдо операциялари бўйича товарларга оид маълумотлар ягона электрон ахборот тизимида акс эттирилмаганлиги натижасида нотўғри дебитор қарздорлик ҳисобланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Андижон вилоятидаги шўъбаси масъул ходими Нодирбек Тожибоев. – Юқоридаги ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ ушбу масалани ўрганиб, кўрсатилган амалий ёрдам туфайли корхонадаги муаммо бартараф этилди.
Шунингдек, “Khantex Agro Servis” масъулияти чекланган жамиятининг Туркия давлатидан олиб келган 276 миллион АҚШ долларига тенг нархдаги пахта майдонларини суғоришга мўлжалланган “Томчилатиб суғориш тизими” ускунаси айрим сабабларга кўра, маълум вақтдан буён божхона омборида қолиб келаётган эди. Берилган амалий кўмак ва маслаҳатлар билан белгиланган тўловлар бўйича қарздорлик тугатилиб, якуний божхона расмийлаштирилуви таъминланди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига бириктирилган ва масъул идоралар вакиллари томонидан вилоятдаги йирик тадбиркорлар билан мулоқот ва учрашувлар доимий равишда ўтказиб борилмоқда. Ана шу учрашувларда тадбиркорларнинг мавжуд муаммолари, таклифлари эшитилмоқда, уларга зарур ёрдамлар кўрсатиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари