Тадбиркорлар ёшлар билан учрашди
Президент ташаббуси амалда
Айни пайтда мамлакатимиз ёшларининг тадбиркорлик соҳасига бўлган қизиқиш ва эътиборини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида ташкил этилаётган тадбиркорларнинг ёшлар билан учрашувларида кўплаб саволлар ўз жавобини топмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Шароф Рашидов туманидаги “Еuro Aziya Motors” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, тадбиркор Акмал Аҳмедов билан бўлиб ўтди.
Акмал Аҳмедов фаолиятининг бошидаги илк қадамлар, эришаётган ютуқлари ҳақида ёшларга ҳикоя қилиб берди. Учрашув қизғин савол-жавобларга бой бўлди.
[gallery-13492]
Зафаробод туманидаги “Чимқўрғон” қишлоқ фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган, тумандаги фаол тадбиркорлардан бири, кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Ўрушов нинг 4 нафар маҳалладошига ўз тажрибасини ўргатишга қарор қилганлиги айниқса ёшларга маъқул бўлди.
Ишбилармон, серғайрат, меҳнаткаш тадбиркор Сардор Эгамқуловни ёш бўлсада, нафақат Пешағор қишлоғида, балки Зоминда яхши танишади. Тумандаги “Ёшлик” МФЙ аҳли билан тадбиркор ўртасида бўлиб ўтган учрашувда С.Эгамқулов ўзининг фаолияти, тадбиркорликдаги илк қадамлари, эришган натижалари билан ўртоқлашди. Қизғин ўтган тадбирда йиғилганлар тадбиркордан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Мулоқотдан сўнг биргина Пешағор қишлоғидан 3 нафар ёш йигит-қиз тадбиркорлик фаолиятини бошлашга қарор қилгани Президентимизнинг топшириғига кўра ташкил этилаётган тадбиркор ва ёшлар учрашувининг ёрқин самарасидир. Бу каби учрашувлар вилоятнинг барча шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳалларида бўлиб ўтаётгани ва бу учрашувлардан сўнг тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган қалби олов ёшлар кўпаётгани ҳам сир эмас.
Тадбиркорлар қанча кўпайса, янги-янги иш ўринлари яратилади, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг доимий даромад манбаси пайдо бўлади, халқимизнинг фаровонлиги ошади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари