
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида жойлашган “ММХ PRO” масъулияти чекланган жамиятида Сирдарё вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари иштирокида сайёр учрашув ўтказилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини божхона соҳасидаги амалдаги тартиб-қоидалар, яратилган имкониятлар ва сўнгги ислоҳотлар билан таништириш, мавжуд муаммо ва таклифларни жойида тинглашдир.


“ММХ PRO” корхонаси полипропилен қопларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, маҳсулотлар асосан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларига экспорт қилинади. Хомашёнинг маълум қисми Россия, Хитой ва Туркманистондан импорт қилинаётгани боис, божхона расмийлаштируви жараёни корхона фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув давомида экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, божхона расмийлаштирувида юзага келаётган масалалар, уларнинг ҳуқуқий ечимлари, шунингдек, соҳада амалга оширилаётган янгилик ва енгилликлар юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди.


– “ММХ PRO” ҳудудда фаолият юритаётган илғор экспорт-импорт компанияларидан бири ҳисобланади. Корхонада 120 нафардан зиёд ходим доимий иш билан банд. Жорий йил бошида қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг замонавий асбоб-ускуналарни хориждан олиб келиш орқали ишлаб чиқариш қувватларини оширишга эришилди. Бу каби импорт операциялари божхона органлари билан яқин ҳамкорликни талаб этади. Шу муносабат билан тадбиркорларнинг фикр ва таклифлари тингланди, амалий ечимлар муҳокама қилинди,–дейди Сирдарё вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Жаҳонгир Ҳотамов.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва шаффофлигини таъминлаш юзасидан келишувларга эришилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири