Тадбиркорлар мурожаати назоратга олинди
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида раҳбар ва тадбиркор ўртасида ўтказилган очиқ мулоқот – оддий учрашув эмас, балки давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ишончли мулоқотнинг амалий намунаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Бахмал туманида ўрнак олса арзигулик ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Яқинда тумандаги “Ўрмончи” маҳалла фуқаролар йиғинида раҳбарлар ва тадбиркорлар ўртасидаги сайёр қабул шаклида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда барча муаммо ва масалалар ўртага ташланиб, атрофлича муҳокама қилинди. Уларни бартараф этиш чоралари изланди.

Маҳаллий тадбиркорларнинг мурожаатларини Жиззах вилояти прокурори Б.Иброҳимов, Бахмал тумани ҳокими А.Эргашев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Б.Исмоилов, бизнес омбудсманнинг вилоят шўъбаси раҳбари С.Усманов ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари тинглаб, бирма-бир қайд этиб борди.

– Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш, улар билан юзма-юз мулоқот қилиш, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бугунги кунда ҳар бир раҳбарнинг олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади, – дейди Бахмал тумани ҳокими Азиз Эргашев. – Тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб бартараф этиш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтирамиз, янги иш ўринлари яратишга замин яратамиз. Янги иш ўринларига биринчи навбатда, ижтимоий дафтарлар рўйхатида турувчи фуқаролар жойлаштирилади. Бу эса “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Давлат дастури ижроси доирасида камбағалликни тугатишнинг энг мақбул йўлидир.

Шаффоф ва очиқ мулоқот шаклида ўтган йиғилишда 40 дан зиёд тадбиркорларнинг мурожаатлари эшитилди. Тадбиркорлар томонидан асосан банк кредит маблағларини олиш, тадбиркорликни кенгайтириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Қувонарлиси мурожаатларнинг 60 фоизи шу жойнинг ўзида ҳал этилди. 15 фоиз мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, ўрганиши вақт талаб этувчи қолган масалаларнинг ечимлари юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди, ижроси қатъий назоратга олинди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари