Тадбиркорлар муаммолари ўрганилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилиниши муносабати билан, ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятидаги текширувларни тартибга солиш, назорат органларининг фаолиятига аралашувини тубдан қисқартириш бўйича ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида тадбиркорларни мажбурий талаблар билан таништириш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди.

Самарқанд вилоятида фармон ижроси юзасидан ҳудудий бошқарма ходимларининг малакасини оширишга қаратилган семинар ташкил этилди. Семинарда текширишлар билан боғлиқ меъёрий-ҳуқуқий ўзгаришлар бўйича мутахассислар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Фарғона вилоятида ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, туманларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, уларга қонунчиликдаги янгиликлар, солиқ сиёсати, бизнес ривожи учун имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Бувайда туманида тадбиркорлар учун махсус семинар-тренинг ташкил этилди.

Бухоро вилоятида тадбиркорларнинг муаммолари тингланиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Навоий вилоятида ҳам фармоннинг мазмун-моҳияти бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Шу билан бирга, транспорт назорати ва бошқаруви соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг қўлланилиши бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

Сирдарё вилоятида тадбиркорлар ва божхона брокерлари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда божхона соҳасидаги қонунчилик ўзгаришлари, янги тартиблар бўйича маълумот берилди. Тадбиркорларнинг божхона расмийлаштирувидаги муаммолари тингланди.
Андижон вилояти Марҳамат туманида аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди. Микролойиҳалар тақдимоти ўтказилиб, тадбиркорлар имтиёзли кредит ва қўшимча имкониятлар ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Хулоса қилиб айтганда, Бизнес-омбудсман девони тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий кўмак бериш ва муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этиб, мамлакатда соғлом бизнес муҳитини яратишга катта ҳисса қўшмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА