Тадбиркорлар муаммолари ҳал этилди
Маълумки, Бизнес-омбудсман – тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги низоларнинг олдини олиш ва уларни ҳал этиш бўйича масъул бўлиб, ўз фаолиятини халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла риоя қилган ҳолда амалга оширади, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов "Aksa Enerji Tashkent" хорижий корхонаси директори Жумхур Ипектел билан учрашди. Суҳбат давомида тадбиркорнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди ва унга тегишли маслаҳатлар берилди.
"Aksa Enerji Tashkent" хорижий корхонаси Ўзбекистонга сармоя киритиб, 2022 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирги кунда у ерда 215 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.

Шунингдек, Бизнес-омбудсман томонидан “Пахтакор сифат ёғ” МЧЖнинг чигит маҳсулотларини олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ муаммоси бартараф этилди.
Аниқланишича, жамият биржа савдоси орқали “Чироқчи-кластер” МЧЖ ва “Китоб ип йигирув” АЖдан сотиб олган чигит маҳсулотини Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетаётган вақтда ҳудуддаги “Умакай” ЙПХ масканида тўхтатилиб, ушлаб қолинган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.
Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман 10 та боғчани озиқ-овқат билан таъминлаган тадбиркор манфаатини судда ҳимоя қилди. Хусусий корхона билан туман мактабгача таълим бўлими ўртасида шартнома тузилган. Унга кўра, 10 та боғчага 4 миллиард сўмлик озиқ-овқат етказиб берилган. Тадбиркор шартнома шартларини тўлиқ бажарган бўлишига қарамай, 587 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи тўланмаган. Бизнес-омбудсман тадбиркор манфаатини судда ҳимоя қилиб, тўлов ундирилиши таъминланди.
Бизнес-омбудсман тадбиркорлар билан онлайн учрашувида тадбиркорлар фаолиятларида дуч келаётган муаммолар, хусусан, хорижий давлатлардан мутахассис жалб қилиш, солиқдаги имтиёзлар, таълим соҳасида кредит олишда кафиллик масалалари кўтарилмоқда ва тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА