Тадбиркорлар манфаати қонун ҳимоясида
Нукусда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиш борасида қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг ижросини таъминлашга бағишланган семинар ўтказилди.
Нукусда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиш борасида қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг ижросини таъминлашга бағишланган семинар ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан назорат бошқармаси катта прокурори А.Гулмуратов, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси катта инспектори А.Урумбоев, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири Ж.Содиқов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада мувофиқлаштириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вазирликлар, идоралар, тижорат банклари филиаллари раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, кичик бизнес субъектлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда соҳада эришилаётган ютуқлар акс этган кўргазма намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги Президентимиз маърузасида иқтисодиётда сифат жиҳатдан туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, янги корпоратив ташкилотларни шакллантириш, иқтисодиётимизда давлат улушини қисқартириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни янада кенг жалб қилиш ва бунинг учун барча зарур шароит ва преференциялар яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
– Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги фармони ва шу асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан соҳага оид қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири Ж.Содиқов. – Қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар туфайли хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятини янада эркин ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу борада бир қатор ютуқларга эришилди. 2015 йилда ялпи худудий маҳсулот 4 триллион 485,9 миллиард сўмни, ўсиш суръати 10,7 фоизни, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улуши 64,6 фоизни ташкил этди. Яратилган умумий иш ўринларининг 65 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келди. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида жами 10 минг 685 кичик бизнес субъекти самарали фаолият кўрсатмоқда.
Тадбиркорлик соҳасида қонунчилик базасини эркинлаштириш ва бизнес муҳитини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган дастур тадбиркорлар олдида турган долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар масъулиятини янада оширди.
Семинарда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, сунъий тўсиқ ва чекловлар қўйиш, ноқонуний текширувлар ўтказиш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.