Тадбиркорлар фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш механизми жорий этилади
Адлия вазирлиги 2026 йил 29 июнда яна бир низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
Бу “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида”ги низомдир.
Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш механизми жорий этилади.
Хавф даражасини аниқлашда давлат органлари ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, мурожаатлар, ОАВ ва бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.
Хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилишга йўл қўйилмайди. Хавф даражасини баҳолаш ички назорат фаолиятини ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ҳамда терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳалари бўйича алоҳида мезонлар асосида амалга оширилади.
Ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар қонунчилик асосида ташкил этилади.
Паст хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказилмайди. Электрон тизимда аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чоралари қўллаш учун асос ҳисобланмайди.
Н.Абдураимова,
ЎзА