Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Бектемир туманида тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитларни янада кенгайтиришга қаратилган очиқ мулоқот ташкил этилди.
16 сентябрь куни бўлиб ўтган мулоқотда туман ҳокими Нурилла Абдураҳмонов, Бизнес-омбудсман девони шуъба мудири Гулжамол Шукурова, Бизнес-омбудсман девонининг Тошкент шаҳар шуъба мудири Фарҳод Ахмедов ҳамда туман прокурори Жамолиддин Нуриддинов иштирок этди.
Унда 50 дан ортиқ тадбиркор қатнашиб, соҳадаги мавжуд масалалар, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-175-сон Фармони мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес муҳитини янада яхшилаш ҳамда тадбиркорлар учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқотда тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатлари ҳам тингланди. Кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорларнинг муаммоларини бевосита ўрганиш, уларга амалий ечим топиш ва ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА