Тадбиркорлар билан мулоқот
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси мутасаддилари иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда қўмита раҳбарияти ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Унда Президентимиз томонидан ҳар йили тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилаётганлиги мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик борасида барча учун тенг имкониятлар ва соғлом рақобат муҳитини яратишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.
Мулоқотда тадбиркорлик субъектларининг бизнес юритиш жараёнида учраётган тўсиқлари, монелик ҳолатлари ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, тадбиркорларни қийнаб келаётган турли муаммолар юзасидан уларнинг мурожаат ва таклифлари эшитилди.
Учрашувда Андижон шаҳрида фаолият юритаётган “Зари 87” масъулияти чекланган жамияти вакилининг жамият томонидан талабаларга иссиқ овқат етказиб бериш бўйича аутсорсинг хизмати давомида дуч келаётган муаммолар бўйича мурожаати эшитилди.
Шунингдек, учрашувда Андижон давлат тиббиёт институтининг академик лицейга давлат харидлари ўтказиш мобайнида етказиб берилаётган маҳсулотларнинг шартнома шартларида кўрсатилганидек сифатли эмаслиги, шу сабабли шартномани жарима билан бекор қилиниши, Избоскан тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига суюлтирилган газ учун тузилган шартноманинг қиймати ва маблағ миқдорини ғазна ва биржада ўтказиш жараёнида дуч келаётган муаммолар хусусидаги мурожаатлар ҳам эшитилди.
Учрашувда тадбиркорларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар атрофлича жавоб қайтарди.
[gallery-29750]
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.