Тадбиркорлар билан ҳамкорлик
Бухоро вилоятида ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, маҳаллий корхоналар экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан экспортёр ва ишлаб чиқарувчи субъектлар билан доимий мулоқотлар ташкил этилиб, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда, амалий ечимлар таклиф қилинмоқда. Хусусан, бошқарма бошлиғи Б.Муратов томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан самарали фойдаланаётган корхоналарда сайёр ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси женси матосидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Delta Rumino” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилди. Учрашув давомида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт салоҳияти, яратилаётган иш ўринлари ҳамда амалдаги божхона имтиёзларининг натижадорлиги атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот аввалида бошқарма бошлиғи томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими доирасида тақдим этилаётган енгилликлар ишлаб чиқариш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Корхона вакиллари эса мазкур режим экспортёрлар учун муҳим қўллаб-қувватловчи механизмга айланганини қайд этиб, айнан шу имкониятлар орқали ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт кўрсаткичлари сезиларли даражада ошганини билдирди.
Корхона томонидан 2025 йилда умумий қиймати 1,8 миллион АҚШ доллари, вазни 122 тонна бўлган тайёр тўқимачилик маҳсулотлари МДҲ давлатларига экспорт қилинган. 2026 йилнинг ўтган даврида эса қиймати 500 минг АҚШ доллари, вазни 35 тоннага тенг маҳсулотлар ташқи бозорларга етказиб берилган.

Учрашув давомида соҳавий мутахассислар томонидан корхонага Хитой давлатидан олиб келиниши режалаштирилаётган ярим тайёр маҳсулотларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига жойлаштириш тартиби юзасидан амалдаги қонунчилик асосида батафсил тушунтиришлар берилди. Бу эса тадбиркорларга қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Бундай очиқ ва амалий мулоқотлар давлат идоралари ҳамда тадбиркорлар ўртасидаги ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Энг муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар ҳудудда экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий брендларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда миллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.