"Тадбиркорга кўмак" марказлари иш бошлади
Хабар берганимиздек, жорий йил 16-март куни Президентимиз Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюриб, мулоқот давомида солиқ органлари тадбиркорлар билан учрашиб муаммоларини тинглаши, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириши, уларга кўмакчи бўлишлари юзасидан қатор топшириқлар берган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси, шунингдек, “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида солиқ тўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида ҳудудларда “Тадбиркорга кўмак” марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Айни кунларда Фарғона вилоятнинг Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳридаги, Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ва Когон шаҳридаги деҳқон бозорларида “Тадбиркорга кўмак” марказлари фаолият олиб бормоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, марказдаги барча хизматлар бепул. Бу ерда фуқароларга солиқ қонунчилигига оид сўнгги ўзгаришларни тушунтириш билан бирга, қулай солиқ режимини танлаш, ЕҲФларни расмийлаштириш,
солиқ ҳисоботларини юбориш,
дастлабки бухгалтерияни юритишда ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, онлайн назорат-касса машиналарини рўйхатдан ўтказиш, фойдаланиш ва шу каби масалалар юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам “Тадбиркорга кўмак” марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА