Тадбиркорга 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб бериладиган бўлди
Бизнес омбудсман тадбиркорлар фаолиятидаги ноқонуний текширувлар, асоссиз аралашувларнинг олдини олиш бўйича муайян ишларни амалга оширмоқда. Шунга кўра, мазкур ташкилотга мурожаат қилувчи тадбиркорлар сони ортиб бормоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсманга Тошкент вилоятида жойлашган “Мардонавор” (номи ўзгартирилган) корхонаси раҳбари қарздорликни ундиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Аниқланишича, Тошкент вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК томонидан 2022 йилдан буён тузилган шартнома бўйича бажарилган иш ва хизматлар учун 2,9 млрд. сўм маблағ тўлаб берилмаган.
Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан ҳолат бўйича ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, Тошкент вилояти туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди.
Суд киритилган даъво аризасини кўриб чиқиб ва тарафларнинг фикр, эътирозларини ўрганиб, буюртмачи Тошкент вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ДУКдан корхона фойдасига қарздорлик суммасини тўлиқ ундириб бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Унга кўра тадбиркорга 2,9 миллиард сўм ундириб бериладиган бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА