Андижон техника институтида “Янги Ўзбекистоннинг тадбиркор аёллари” мавзусида тадбиркор хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.
“Innowomenwek – 2025” ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамкорлигида ташкил этилган форумда адлия, солиқ, Онлайн савдоларни ташкил этиш, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик идоралари мутахассислари, тадбиркор ҳамда ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларнинг жамиятдаги, оиладаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш, айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, бунинг натижасида тадбиркор аёллар сафи, улар эришаётган ютуқлар кўлами йилдан-йилга ортиб бораётгани таъкидланди.
Биргина Андижон вилоятида бугунги кунда аёллар раҳбарлигидаги 1 минг 600 дан зиёд кичик корхона ва микрофирмалар, шунингдек, 203 нафар фермер аёл, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган 7,5 минг нафарга яқин тадбиркор ва ҳунарманд опа-сингилларимиз самарали фаолият олиб бормоқда.

Форум доирасида қатор тадбирлар ўтказилди.
Дастлаб, институт асосий биноси фойесида тадбиркор ҳамда ҳунарманд хотин-қизлар томонидан тайёрланган, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, ихтирочи ва олима аёлларнинг иновацион ғоя, лойиҳалари кўргазмалари ташкил этилди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга бағишланган “Аёл, бизнес, инновация” мавзусидаги ўқув семинарда аёл ва қизларни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига самарали ҳисса қўшишларини таъминлаш, бизнес-лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга чиқариш борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, шунингдек, муваффақиятли бизнес юритишларига кўмаклашиш мақсадида банк, солиқ идораси ва бошқа қатор ташкилотлар мутахассислари томонидан зарур тавсия ҳамда таклифлар берилди.
Жумладан, мутахассисларнинг “Тадбиркор аёлларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш”, “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бизнесни кенгайтиришда хотин-қизлар учун яратилган солиқ имтиёзлари”, “Электрон онлайн аукционларга чиқарилаётган бинолар ва ерларга берилган имтиёзлар”, “Хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ёрдамлар”, “Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш. Ссуда ва субсидиялар ажратиш тартиблари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Иштирокчилар маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, семинар давомида бизнес-тренерлар томонидан ғояни аниқлаш, бозорни ўрганиш, тадбиркорликдаги дастлабки қадамлар, талаб ва таклиф асосида бизнес-режа тузиш, шунингдек, маҳсулотларнинг сифат назорати, лабораториядан ўтказиш, сертификатлаштириш, халқаро талаб ва стандартларга мослигини текшириш сингари қатор йўналишларда иштирокчиларга билим ва тушунчалар берилди.

– Мен раҳбарлик қилаётган корхона дуккакли экинлар – мош, ловияни қайта ишлашга ихтисослашган, – дейди Избоскан туманидаги “SAM brigtLine” оилавий корхонаси раҳбари Муқаддас Содиқова. – Ушбу маҳсулотлардан тайёрланган ун асосан Саудия Арабистони ва Хитойга экспорт қилинади.
Ушбу семинарда иштирок этиб, фаолиятимизга илғор инновация ҳамда иш услубларини жорий этиш бўйича билим ва тушунчаларим бойиди. Насиб этса, келгусида улардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламан.

Избоскан туманидаги Ботиробод маҳалласида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Умидахон Қамбарова эса ижтимоий тармоқлар орқали онлайн савдоларни ташкил этиш фаолияти билан шуғулланади. Унинг кўмагида ўз хонадонида бирор маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркор ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштираётган аёл ўз маҳсулотини онлайн савдога қўйиши, сотиши мумкин. Бу билан маҳсулот сотиш, сотиб олиш ва тўлов қилиш ҳам қулай, ҳам тез амалга оширилади, қолаверса, ортиқча воситачилар иштирокига чек қўяди.
– Бугун юртимизда тадбиркорларга, хусусан, тадбиркор хотин-қизларга кенг имкониятлар яратиб берилганини ҳар қадамда ҳис этаман, – дейди тадбир иштирокчиси, тадбиркор Иродахон Абдураззоқова. – Айниқса, тадбиркорлик қиламан, янги иш ўринлари яратаман деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Уни ҳамма, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Бунга ўз фаолиятим мисолида жуда кўп бор амин бўлдим. Корхонамизда асосан евростандартлар асосида пар кўрпа-болиш, чойшаблар тайёрланади. Маҳсулотларимизни ички бозорда сотамиз, бир қисми Россияга экспорт қилинади. 30 нафардан ортиқ аёл билан касаначилик асосида иш юритаман. Умуман, фаолиятимизни қонуний юритиш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Бу ишимизнинг муваффақиятида муҳим омил бўлмоқда.
Форум якунида вилоятда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, иш фаолиятига илғор ва инновацион иш услубларини жорий этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари