Тадбиркор ва ҳунармандлар энди бир марказда бирлашди
Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани марказида тадбиркорлар ва ҳунармандларни бирлаштирган янги коворкинг маркази фойдаланишга топширилди.
Унда тадбиркорлар ва ҳунармандлар учун барча шароит ва қулайликлар яратилган бўлиб, учрашув, конференциялар ва музокаралар, кўргазмалар заллари мавжуд. Бу ерда 18 нафар масъулдан иборат “Лойиҳа гуруҳи”, 25 нафар йирик ва илғор тадбиркордан иборат “Тадбиркорлар кенгаши” фаолият юритади.

Марказ очилишида “Лойиҳа гуруҳи” томонидан умумий қиймати 870,1 миллиард cўмлик 23 та истиқболли лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилгани, “Тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш жамғармаси” ва туман ўртасида қиймати 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги меморандум имзоланиб, замонавий “Бизнес маркази” ҳамда “Саноат ва савдо зонаси” ташкил этиш юзасидан ишлар бошлангани таъкидланди.
Марказда бизнесга ўқитиш курслари ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.


А.Бўриев, ЎзА