Тадбиркор ва фермер аёллар сафи кенгаймоқда
Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.
Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.Президентимизнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хотин-қизларнинг ўз қобилият ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Буни Тошкент вилоят хотин-қизлар қўмитасининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Вилоятда хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ аёллари учун муносиб шароит яратиш, ўсмир қизларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш, касб-ҳунарга йўналтириш, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йили вилоятда яратилган 87 минг 421 янги иш ўрнининг 45 минг икки юздан зиёди хотин-қизлар учун ташкил этилди. Бунда уларнинг касаначилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кенг имконият яратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун хотин-қизлар оила бюджетини бойитиш билан бирга, жойларда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.
Бекобод шаҳридаги Самарқанд маҳалласида яшовчи Ўғилой Мирзамуродова шундай кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, 2007 йилда “Зулфия Бону чевар” тикувчилик цехига асос солди. Маҳалладаги хотин-қизларга ҳунар ўргатиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини иш билан таъминлашни мақсад қилган мазкур мўъжаз корхонада болалар кийими, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт марказлари учун махсус чойшаблар ҳамда бошқа трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда.
– Дастлаб икки нафар тикувчи-бичувчи билан иш бошлаган эдик, – дейди “Зулфия Бону чевар” тикувчилик цехи раҳбари Ў.Мирзамуродова. – Аниқ мақсад билан қилинган иш зое кетмайди, деганларидек, маҳсулотларимиз қисқа вақт ичида ўз харидорини топди. Шу боис ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳисобидан янги иш ўринлари ташкил этишга киришдик. Бу иш банкдан олинган 28 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига ижобий ҳал бўлди. Давлатимиз томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли шундай натижаларга эришмоқдамиз.
Айни пайтда цехда ўндан зиёд хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Улар орасида ўтган йили саноат коллежини тамомлаган Дилдора Аллаева ҳам бор.
– “Зулфия Бону чевар”да иш бошлаганимга энди ярим йил бўлган бўлса-да, тикувчилик сирларини пухта ўрганиб олдим, – дейди Дилдора. – Келгусида устозим Ўғилой опа сингари тадбиркор бўлиб, ўзимнинг шахсий бизнесимни йўлга қўйиш ниятидаман.
Вилоят хотин-қизлар қўмитасидан маълум қилишларича, туман ва шаҳарларда янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, фаолият юритаётган корхоналарни модернизация қилиш ҳамда кенгайтириш ҳисобига тўрт ярим мингдан зиёд аёл иш билан таъминланган. Уй меҳнатининг барча шакллари, хусусан, касаначиликни ривожлантириш эвазига хотин-қизлар учун 2 минг 673 иш ўрни ташкил этилган. Жорий йилда касаначилар сонини янада кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида хотин-қизлар учун яна шунча иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
– Хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган режа ва манзилли дастурга мувофиқ, 2014 йили деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари, кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш, якка тартибдаги тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳисобига 18 мингдан зиёд иш ўрни яратилди, – дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими Насиба Кулбекова. – Ўтказилган меҳнат ярмаркалари орқали қарийб икки минг аёл иш билан таъминланди. Яна шунча хотин-қизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш, чорвачиликни ривожлантириш ва бошқа йўналишларда тадбиркорликни йўлга қўйиши учун тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган фермерлар орасида аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этиши хотин-қизларнинг жамият ҳаётида фаоллигини оширишга қаратилган ишларнинг амалдаги исботидир.
Қибрай тумани Янгиобод қишлоғида истиқомат қилувчи Дилафрўз Мирзарайимова мамлакатимизда фермерлик ҳаракатининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, қишлоқ мулкдорларининг эмин-эркин ишлаши учун яратилаётган қулайликлардан самарали фойдаланиб, 2008 йилда ўзининг мустақил фермерлик ҳаракатини бошлади. 10 гектар ерда боғдорчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган “Мирзажалил жаҳон боғи” фермер хўжалигини ташкил этди.
Ўтган йиллар мобайнида “Мирзажалил жаҳон боғи” кўп тармоқли фермер хўжаликлари қаторида тилга олинадиган бўлди. Бундай дейишимизнинг боиси, хўжалик бултурги даромади ҳисобидан 100 бош қорамолга мўлжаллаб молхона барпо этди. Тижорат банкининг 320 миллион сўмлик кредити эвазига Австриядан 30 бош қизил-ола наслли мол келтириб, боқувга қўйди.
– Жорий йил якунига қадар хўжалигимиз экин майдони ва қорамоллар сонини қарийб икки баробар кўпайтиришни мақсад қилганмиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Д.Мирзарайимова. – Айни пайтда хўжалигимизда ўн беш киши меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили йигирма нафар хотин-қиз мавсумий ишларга жалб этилади. Уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, фермер хўжалигини бошқариш илгари кимнинг ҳам хаёлига келибди, дейсиз?! Мустақиллик биз, аёлларга ҳам ўз имкониятимиз ва қобилиятимизни намоён этиш имконини берди.
Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятда аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни чорвачилик, паррандачилик ҳамда миллий ҳунармандчилик билан шуғулланишга кенг жалб этиш мақсадида 168 илмий-амалий конференция, семинар-тренинг, давра суҳбати ва учрашувлар, умуман, 900 га яқин турли тадбирлар ташкил этилган. Натижада хотин-қизлар иқтисодиётнинг муайян йўналишлари бўйича ўзларининг мустақил фаолиятини бошлаш истагида тегишли идораларга мурожаат қилган.
Бу Тошкент вилоятида тадбиркорлик ва фермерлик йўналишларида яхши натижаларга эришаётган илғор хотин-қизлар ҳаётидан айрим мисоллар, холос. Айни пайтда илм-фан, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда ҳам юксак натижаларни қайд этаётган опа-сингилларимиз кўп.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, хусусан, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.