Тадбиркор тажрибаси билан ўртоқлашди
Гулистон шаҳридаги “Agro youth” ишлаб чиқариш кооперативи директори Барчиной Усмонова ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлардан. Унинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланиб, яқинда “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Барчиной Усмонова тадбиркорлик фаолиятига қизиқувчи аҳоли вакиллари билан учрашди. Учрашувда тадбиркор ўз фаолияти ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот берди.

– Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик соҳасига эътибор, тақдим этилган имтиёзлар барчамиз учун кутилганидан ҳам кўп ва кенг қамровли бўлганини таъкидлаш жоиз. Бугунги имкониятлар ортидан ҳалол ризқ излаган, меҳнат қилган тадбиркорлар, ҳунармандлар, ишбилармонлар қадри юртимизда янада юксалиб бормоқда, – деди Барчиной Усмонова. – Бундай имкониятларнинг яратилиши тадбиркор юртдошларимизга янада улкан мақсадлар сари қадам ташлашларига қанот бағишламоқда.

Барчиной Усмонова вилоятда биринчилардан бўлиб қўлда гилам ва адрас тўқиш фаолиятини йўлга қўйган. Ўтган йили 1 минг 100 метр адрас ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, устоз-шогирд анъанаси асосида ташкил этилган ўқув курсларида ёшларга ҳунармандчиликнинг 7 та йўналиши бўйича сабоқ бериб келмоқда. Айни вақтда 60 нафар ёшларнинг бандлигини таъминланди. Тадбиркорлар, бизнес экспертлар, йирик корхона вакиллари иштирокидаги бу каби учрашувлар вилоятнинг барча ҳудуди, олис қишлоқлар ва шаҳарларда мунтазам ташкил қилинмоқда.

Шуҳрат Суяров, ЎзА