Тадбиркор хотин-қизлар сафи кенгаймоқда
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши аъзолари Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида аҳоли билан мулоқот ўтказди. Қишлоқ хотин-қизларини оилавий тадбиркорликка жалб этиш, томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирларда иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий қилиш юзасидан белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши аъзолари Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида аҳоли билан мулоқот ўтказди. Қишлоқ хотин-қизларини оилавий тадбиркорликка жалб этиш, томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирларда иштирок этди.
Партия фаоллари ташаббуси билан тумандаги “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалиги раҳбари Шарофат Нориеванинг хонадонида ўтказилган кўргазмали ўқув-семинарда касб-ҳунар коллежларини битираётган қизлар, уй бекалари иштирок этди.
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Тўраева ва бошқалар давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш учун яратилаётган ҳуқуқий асослар аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Партия томонидан 2016 йилда ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг мамлакат босқичида иккинчи ўринни эгаллаган Шарофат Нориева семинар иштирокчиларини ўзининг фермерлик фаолияти билан таништирди.
Шарофат опа раҳбарлик қилаётган кўп тармоқли фермер хўжалигида ғалла, исмалоқ, гул, арча кўчати, терак парваришланмоқда. Германия ва Польшадан келтирилган 20 бош зотдор қорамол боқилмоқда. 8 киши меҳнат қилаётган хўжаликнинг соф даромади ўтган йили 165 миллион сўмни ташкил этди.
– Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдан кўзланган асосий мақсад халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш эканини кўплаб тадбиркорларнинг ҳаёти кўрсатиб турибди, – дейди фермер. – Ана шу имкониятдан фойдаланиб, бу йил қорамоллар сонини 50 бошга етказиб, кунига бир тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга цех қуришни ният қилганмиз. 80 сотихлик иссиқхонамизни ҳам кенгайтирамиз. Бу ишларни амалга ошириш учун маблағимиз етарли, камига банк кредитидан фойдаланамиз.
Семинар иштирокчилари тадбиркорнинг иссиқхонада гул етиштириш тажрибаси билан танишди. Қиш адоғида яшнаб турган турли анвойи гуллар иштирокчилар қалбига баҳор нафасини олиб кирди.
– Маҳаллий ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари ва банклар билан ҳамкорликда ушбу ўқув-семинарни ўтказишдан мақсад қишлоқ хотин-қизларига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишида кўмаклашиш, – дейди партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари М.Акромова. – Қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли билан мулоқот ўтказиш жараёнида тадбиркорликка қизиққан, ўз имкониятини синаб кўрмоқчи бўлган хотин-қизларни ўқув-семинарга таклиф этмоқдамиз. Уларнинг ўзига бўлган ишончини оширишга қаратилган ўқув жараёнида фаол ва ишбилармон аёллар тадбиркорликка йўналтирилмоқда.
Семинарда ишбилармон ва фаол хотин-қизлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.