Тадбиркор “Дўстлик” ордени билан тақдирланди
Президентимизнинг фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан тақдирланган Термиз шаҳридаги “Сурхон Сандвич” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Баҳром Рауповга давлатимизнинг юксак мукофоти тантанали топширилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Баҳром Раупов амалга ошираётган ишлари ва келгусидаги режаларини гапириб берди.
Президентимиз тажрибали тадбиркорнинг ишларини юқори баҳолаб, давлат мукофоти билан тақдирлашини маълум қилди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, фаоллар ҳамда нуронийлар иштирокидаги тадбирда изланувчан, фидойи тадбиркорга “Дўстлик” орденини топширди.

Давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлган тадбиркор вилоят марказида замонавий қурилиш материали – сендвич панеллари ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширганига қарийб ўн йил бўлмоқда. Шу даврда импорт ўрнини босадиган тайёр бу материалдан кўплаб ихчам ва кўркам ижтимоий соҳа бинолари, ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилди. Ҳозир корхонада элликдан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Эндиликда тадбиркор сендвич панелда ишлатиладиган базальт ва пенопласт қопламаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Ушбу корхона йил якунигача фойдаланишга топширилади. Бу ерда ҳам тўрт юзга яқин янги иш ўрни барпо этилади.

Видеоселектор йиғилишида Баҳром Раупов бир ярим минг кишининг бандлигини таъминлашини, айни пайтда Денов туманида юз миллиард сўм эвазига Денов туманидаги Қизилсув дарёси бўйида “Ёшлар сайлгоҳи” бунёд этаётганини айтган эди. Замонавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган сайлгоҳда савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, турли кўнгилочар масканлар қурилмоқда. Яқинда ишга туширилиши кутилаётган бу масканда мингдан ортиқ киши ишли бўлади.

– Видеоселекторда ҳаёжонланганимдан тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор учун раҳмат ҳам айтолмай қолдим, – дейди Баҳром Раупов. – Бизнинг камтарона меҳнатларимизни юқори баҳолаб, муносиб рағбатлантираётган Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман.

Мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, иш юритаётган, янги корхоналар барпо этиб, аҳоли бандлигини таъминлаётган ишбилармонлар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда. Уларнинг изланиш ва меҳнатлари муносиб рағбатлантирилмоқда. Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон Сандвич” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Баҳром Раупов ҳам бунга яққол далилдир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири