Тадбиркор аёлларга сертификат топширилди
Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан 25-40 ёшли 25 нафар тадбиркор хотин-қиз Ўзбекистонда илк бор тадбиркор аёллар академияси (AWE)ни тамомлади. Уларга махсус сертификатларни АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник топширди.
Тадбир давомида тадбиркорларда бизнесни йўлга қўйиш, маҳсулотни бозорга чиқариш, иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшишда ўзига ишончни ошириш кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида тренинг ҳам ўтказилди.
“Tech4Impact” Америкада малака ошириб қайтган тадбиркор бошқараётган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, мазкур академия ишини Тошкентдаги элчихона Халқ дипломатияси бўлими номидан амалга оширди. Жараёнда Аризона давлат университети қошидаги “Thunderbird” глобал бошқарув мактаби ҳамда “Freeport-McMoRan” мис қазиб чиқарувчи компания ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “DreamBuilder” платформасидан фойдаланилди.
Виртуал ва юзма-юз ташкил этилган дарсларда иштирокчилар тажрибали мутахассислар, маҳаллий мураббийлар ва АҚШ алмашинув дастурлари битирувчиларидан бизнесга оид зарур билим олишди. Дастур менежери Елена Селезнёва ва “Tech4Impact” директори Саида Юсупова қатнашчиларга амалий машғулот ўтишди. Жорий лойиҳалар бўйича, бизнес режаси тақдим этиш, нетворкинг орқали тадбиркорлик салоҳиятини намоён қилишга доир билим, кўникмаларни улашди.

- Америка Қўшма Штатлари хилма-хил дастур, ташаббуслар ёрдамида ўзбекистонликлар учун барқарор иқтисодий имкониятни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни давом эттирмоқда, - деди Элчи Жонатан Хеник. - Биз “AWE” ишга тушиши, академияни муваффақиятли якунлаган маҳаллий хотин-қизларнинг бизнес ва иқтисодиёт соҳаси етакчилари сифатида ўз билими, салоҳиятини оширганини кўришдан ниҳоятда мамнунмиз.
Тадбиркор аёллар акдемияси (AWE) АҚШ Давлат департаментининг хотин-қизларга муваффақиятли бизнесни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун зарур билим берувчи, алоқа тармоғи ва тегишли ресурслардан фойдаланиш имконини тақдим этувчи дастурдир. Ушбу лойиҳа аёлларнинг иқтисодий имкониятини рағбатлантириш, уларни етарли қобилият ва ресурслар билан таъминлаш орқали гендер тенглик ва адолат мезони стратегиясини бевосита қўллаб-қувватлайди.
“Tech4Impact” фаолияти эса Ўзбекистон ва Марказий Осиёда инновация, ахборот технологиялари, стартап, инсон капитали, яшил технология, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган.
- Бу лойиҳа орқали бизнесни ривожлантириш, тадбиркорлик сир-асрорини мукаммал ўзлаштириш билан бирга, амалий кўникмага ҳам эга бўлдим, - дейди “D-Tour” сайёҳлик компанияси раҳбари, андижонлик Дилдорахон Худойназарова. - Ушбу академия тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, ўзаро тажриба алмашиш учун ноёб имконият яратди. Дастур натижасида Тошкентда қўшимча 2 та, Андижонда эса 3 та филиал очиш орқали сайёҳлик бизнесимни янада кенгайтирдим.
Гўзал Сатторова, ЎзА