Тадбиркор аёлларга мададкор лойиҳа
21 ноябрь - Халқаро аёллар тадбиркорлиги куни муносабати билан "Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Аёллар тадбиркорлиги ҳафталигига старт берилди.
Ушбу ҳафталик аёлларнинг бизнес ғояларига яқиндан кўмаклашиш, соҳадаги илғор ғоя ва ташаббусларини оммалаштириш, тадбиркорликка қизиққан аёлларни ягона платформада бирлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Маълумки, 2014 йилдан буён Халқаро аёллар тадбиркорлиги куни дунёнинг 144 мамлакатида кенг нишонланиб келинади. 2016 йилдан бошлаб “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Халқаро аёллар тадбиркорлиги куни (Womens Entrepreneurship Day - WED) глобал ташаббусига қўшилган.
Анъанавий ҳафталик бу йил 16-21 ноябрь кунлари ўтказилиб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аёллар бизнесининг тажрибали вакиллари билан бирга тадбиркорликни энди бошлаётган ёш хотин-қизлар иштирок этадиган ранг-баранг онлайн ва анъанавий ўтказиладиган тадбирларни ўзига қамрайди. Бу сана танишувлар, тажриба алмашиш ва муҳокамалар воситасида бутун жаҳон аёлларининг қайсидир маънода бирдамлиги, якдиллигини таъминламоқда, десак муболаға бўлмайди.
"Чеклов чоралари ва дунёдаги иқтисодий вазият шароитида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” мавзуси бу йилги ҳафталикнинг бош мавзуси ҳисобланади. Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг ўз бизнесини бошлаши ва уни ривожлантириши учун илғор тажриба, ғоя, билим ва ташаббусларни оммалаштириш мақсадида мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган барча опа-сингилларимизни ягона майдонда бирлаштиришдан иборат. Шунингдек, минтақавий ва халқаро бозорларга чиқиш, инновацияларни ривожлантириб хорижий сармояларни жалб қилиш учун аёллар тадбиркорлигининг мавжуд муаммоларини таҳлил этиш, бизнес муҳитини янада такомиллаштириш, тадбиркор аёлларга кўрсатиладиган хизмат сифатини оширишдек мақсадлар ҳам кўзда тутилган.
Ҳафталик давомида тадбиркор аёлларнинг иш тажрибасига оид онлайн тарздаги давра суҳбатлари, конференциялар, маҳорат дарслари, "Аёлларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилишда давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик аҳамияти ва истиқболлари" мавзусидаги анжуман, "Ўзбекистон ишбилармон блогер аёллар муваффақиятлари", "Агробизнес бошлаётган хотин-қизлар муваффақиятлари омили" мавзусида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа бўйича давра суҳбатлари, тақдимотлар, форумлар бўлиб ўтади.
Шунингдек, “Сифатнинг европача стандартлари бўйича ҳамкорлик”, "Чеклов чоралари ва дунёдаги иқтисодий вазият шароитида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” мавзусида конференция, "Тўқимачилик саноати ривожи истиқболлари. Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги" мавзусида Покистон ва Ўзбекистон тўқимачи аёллар мулоқоти ҳам ишбилармон аёллар учун қизиқарли бўлиши шубҳасиз.
Н.УСМОНОВА, ЎзА