Тадбирда ёшлар фаол иштирок этди
Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Пахтакор” маҳалласида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилди.
Ёшлар ва хотин-қизлар иштирок этган футбол ва волейбол мусобақаси қизғин курашларга бой бўлди. Футбол мусобақасида пахтакорлик ёшлардан ташкил топган 8 та жамоа “Ҳоким кубоги” учун майдонга тушди. Биринчи ўринни “Пахтакор” кўчаси, иккинчи ўринни “Улуғбек” кўчаси ва учинчи ўринни “Шоҳимардон” кўчаси жамоаси эгаллади.
Туман марказидаги 8 та шаҳар маҳаллаларидаги 18-30 ёшли хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича “Прокурор кубоги” мусобақаси ҳам муросасиз курашлар остида ўтди. Унда “Истиқлол” аёллар жамоаси ғолиб бўлди.
[gallery-6499]
“Зукко китобхон”, “Ёш китобхон оила” кўрик танловлари, "Заковат" интеллектуал ўйини ҳам ўтказилди. Иштирокчилар сони 6 нафардан бўлган 30 та жамоа ўртасида ўтказилган “Заковат” ўйини мунозара ва баҳсларга бой бўлди. Биринчи босқичда 30 та жамоадан 8 таси сараланди. Иккинчи босқичда улар орасидан энг кучли тўртта жамоа аниқланди. Муросасиз кечган 3 босқич натижаларига кўра фахрли биринчи ўринни “Ташаббус” маҳалласи ёшлари эгаллади. Ғолиблар ноутбуклар билан тақдирланди. Иккинчи ўринни “Истиқлол” ва учинчи ўринни “Арна” маҳалласи ёшлари эгаллади. Ушбу жамоа вакилларига туман ҳокими томонидан телевизор ва микротўлқинли печлар топширилди.
Қоракўл тумани маданият марказида ҳафта давомида туманда бўлиб ўтган ёшлар тадбирларининг ғолиб жамоаларини тақдирлашга бағишланган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигида сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди. Туманда ёшлар сиёсатини амалга ошириш, жумладан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш борасидаги ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Самимий суҳбат тарзида ўтган учрашувда иштирокчилар ҳам ўз фикр-мулоҳаларини билдирди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА