Тадбирда турли миллат вакиллари жам бўлди
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант ва ижтимоий буюртмалар танловида ғолиб бўлган “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририяти ташаббуси билан “Миллатлараро дўстлик – тинчлик ва фаровон ҳаёт гарови” шиори остида дўстлик фестивали ўтказилди.
Фестиваль вилоятда яшаб келаётган турли миллатга мансуб ватандошларимизни ўз атрофида бирлаштиргани билан аҳамиятли бўлди.
– Таҳририят жамоаси лойиҳа доирасида ажратилган 100 миллион сўм маблағ эвазига 6 ой давомида бир қатор маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирларини ўтказди, – дейди “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Шодмон Сулаймонов. – Лойиҳа давомида жамоа миллий маданий марказлар ҳаётига чуқур кириб борди. Уларнинг урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишди. Тарғибот ишларини олиб борди. Ҳар икки газета саҳифаларида мазкур йўналишда 70 дан ортиқ мақолалар эълон қилинди. Бу жараёнда радио, телевидение ҳамда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилди. Грант лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирлар аҳоли, айниқса, ёш авлодни, вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фестивалда вилоятдаги 11 та миллий маданий марказлар вакиллари марказ фаолияти ҳамда миллий урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи кўргазмалари, шунингдек, мусиқий чиқишлари билан иштирок этишди.
[gallery-6712]
– Асрлар давомида ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, яқин сиёсий ва гуманитар алоқалар бирлаштириб келган, – дейди “Офтоби Суғдиён” тожик-форс миллий маданий маркази раҳбари Рауф Авезов. – Сўнгги 5 йил ичида давлатлар ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бир осмон остида ва бир маконда яшар эканмиз, биргаликда минтақа иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз керак, чунки бу икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик солномасида янги саҳифалар очади, тараққиётнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Бугунги фестиваль ана шундай дўстона муносабатлар ифодаси сифатида аҳамиятли бўлди. Таҳририят ва миллий маданий марказимиз ўртасидаги ҳамкорлик янгича шакл ва мазмунда давом этаётганидан жуда хурсандмиз.
– “Видергебурт” немис миллий маданий маркази вилоят бўлими 23 йилдан буён фаолият кўрсатиб келяпти, – дейди марказ раҳбари Любат Штирценбехер. – Ўтган вақт ичида марказимиз вилоятда дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муносиб ҳисса қўшди. Шунингдек, юртимизда истиқомат қилувчи бошқа миллатларни немис маданияти билан яқиндан таништириш мақсадида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваллар, кўрик-танловлар, бадиий кўргазмалар ўтказиб келаётир. “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририяти билан олти ой давомида ҳамкорлик қилдик, биргаликда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этдик. Бу ҳамкорлик, қолаверса, бугунги фестивалда ғолиблар сафидан ўрин олиб, қимматбаҳо совғага муносиб кўрилганимиз бизга унутилмас лаҳзаларни бахш этди.
Бу каби тадбирлар миллатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Тадбир якунида фестиваль иштирокчиси сифатида ўз иқтидорини намойиш этган, грант лойиҳаси доирасида таҳририят билан яқин ҳамкорлик қилган барча миллий маданий марказлар ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА