Табиий офатлар хавфини камайтириш экологик барқарорликда муҳим омил
Турли кўринишдаги табиий офатлар аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигига, шу билан бирга, табиат, ўсимлик ва ҳайвонот олами хавфсизлигига катта таҳдид ҳисобланади. Бундай вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, хавфларни олдиндан ҳис қилиш, аниқлаш ва олдини олиш катта кўламли зарарларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни муносабати билан «Табиий офатлар хавфини камайтириш: экологик барқарорлик ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий ёндашувлари» мавзусида ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раисининг ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Нилуфар Маткаримова "Экологик барқарорлик — табиий офатлар хавфини камайтиришнинг муҳим шарти" мавзусида маъруза қилиб, табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассиси Самандар Ҳикматуллаев "Табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш: аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмлари" мавзусида маъруза қилди.
Семинар давомида иштирокчилар табиий офатлар хавфини камайтиришда ҳаёт фаолияти хавфсизлиги тамойиллари ва аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди, бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтзор ва ўрмонларни асраш, сув ресурсларини тежаш, экотизимларни муҳофаза қилиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда ёшлар ва хотин-қизларни экологик ташаббусларга кенг жалб этишнинг аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди. Ушбу омиллар табиий офатлар хавфини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА