Табиий газ таъминоти яхшиланмоқда
Навоий вилоятининг Кармана туманида жойлашган “Каловот” маҳалласи табиий газ етиб бориши оғир бўлган ҳудудлардан биридир.
“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ҳамда “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан ҳудуд аҳолисини табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, табиий газ етказилишини бир маромда таъминлаш мақсадида маҳалланинг “Боғимурод” кўчасида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
– Мазкур ҳудудда газ таъминотини яхшилаш мақсадида мавжуд қарийб 57,8 диаметрдаги газ қувурлари 89 диаметрли газ қувурларига реконструкция қилинмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Асқар Набиев. – Шунингдек, бу ерда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда маҳалла ҳудудида бир километр газ қувурлари тортилиши режалаштирилган бўлса, шу кунга қадар 150 метр газ қувурлари тортилди. Ушбу мукаммал таъмирлаш ва реконструкция тадбирлари якунланса, маҳалладаги 150 хонадонда газ таъминоти яхшиланишига эришилади. Мазкур таъмирлаш ишларига 5 нафар ишчи-ходим жалб этилган.
Эътиборлиси, аҳолига муносиб шароит яратиш мақсадида тумангаз газ таъминоти ишчи-ходимлари ёзнинг жазирама кунларига қарамай ўз вазифаларини астойдил бажармоқда. Табиий газ таъминотини янада яхшилаш йўлидаги бу каби таъмирлаш жараёнлари вилоятнинг бошқа туманларидаги табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА