
Ўзбекистон Фанлар академиясига Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси директори Оливер Аврамоски ҳамда лойиҳа менежери Любов Тимофеева ташриф буюрди.
Меҳмонларни ФА вице-президенти Шаҳло Турдиқулова кутиб олди. Учрашувда Оливер Аврамоски Тошкентда ташкилот ваколатхонасини очиш ва Фанлар академияси билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагини билдирди. Ўз ўрнида Фанлар академияси ҳам биргаликда илмий лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, учрашув давомида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар, хусусан, табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаларини маҳаллийлаштириш, миллий ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотлар, билим алмашинуви, молиявий ва техник ёрдам масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур ташкилот билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи табиатни асраш ва барқарор ривожланишга эришишга қаратилган дунёдаги энг йирик ташкилотлардан бири бўлиб, у 1948 йилда ташкил этилган. Ҳозирда 160 дан ортиқ мамлакатдан 1400 дан зиёд давлат ва нодавлат ташкилотлар, илмий муассасаларни бирлаштиради.
Н.Раҳмонова, ЎзА