Табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз
Табиат ресурслари вазирлиги Тошкент вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан ўтган йил жойларда аниқланган 4 минг 217 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларига нисбатан 2 миллиард 208 миллион 365 минг сўм жарима қўлланилган. Шундан 3 минг 555 та ҳолатда 1 миллиард 327 миллион 865 минг сўм давлат ҳисобига ундирилган.
Ўз навбатида ўсимлик дунёси бўйича жами 292 ҳолат, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар бўйича 77 ҳолат аниқланган. Мисол учун, Янгийўл тумани “Халқабод” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Бўзсув” каналида бир гуруҳ шахслар иштирокида ноқонуний ов қуроли (Қўл бола усулида ясалган кучли ток чиқарувчи электр қармоқ) ёрдамида балиқ овлаётгани оқибатида 100 миллион сўмга яқин миқдорда табиатга зарар келтирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига тўпланган ҳужжатлар тақдим этилган. Дастлабки суриштирувлардан сўнг 2022 йил 28 июль куни Жиноий ишлар бўйича Янгийўл тумани суди томонидан фуқароларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шу билан бир қаторда, чиқиндилар билан боғлик ишлар, сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш борасида ҳам кўплаб қонун бузарликлар фош этилди. Шу кунларда ҳам юқоридаги каби ишларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда узлуксиз назорат тадбирлари ва рейдлар ўтказилмоқда. Фуқароларнинг экологик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.