Табиатга зарар етказганлар ушланди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан Бухоро вилоятида навбатдаги назорат рейд тадбирлари ўтказилди.
Унда Пешку тумани ҳудудидаги “Қорақир” табиий сув ҳавзасидан 10 нафар фуқаро томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз 94 дона ёввойи ўрдак ва 23 дона қашқалдоқ ноқонуний овланганлиги аниқланди. Натижада ҳайвонот дунёсига 48 миллион 204 минг сўм миқдорида зарар етказилган.


Шунингдек, яна бир ҳолатда Бухоро вилояти “Газли” ҳудудида 2 нафар шахс саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиш, йиғиш ва ташиш билан шуғулланганлиги аниқланди. Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Назорат рейд тадбирлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.